25-May, 2021-yil

Ёшларни қўллаб қувватлаш – эртангги фаровонлигимиз гарови

Ўзбекистонда инвестицияларни кенг жалб этиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун катта меҳнат ресурслари мавжуд. Мамлакат аҳолисининг ярмини (18-30 ёшгача) ёшлар ташкил этади, бу эса ўз навбатида республикада ишлашга қодир бўлган аҳолининг улуши юқорилигидан далолат беради.

Аҳоли улушида ёш қатламнинг кўплиги давлат учун ҳам афзаллик, ҳам масъулиятдир. Ҳар йили меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш бугунги куннинг долзарб масаласига айланмоқда. Статистикага назар соладиган бўлсак[1], 2021 йилнинг февраль ойи ҳолатига ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси 17% ни ташкил этди. Бугунги кунда “ортиқча ишчи кучи”нинг миқдори сезиларли даражага етган, бунинг натижасида ишсиз ёшларнинг катта қисми норасмий иқтисодиётда ҳам ишламоқда.

Ушбу масалани ҳал этишда ҳукумат томонидан биринчи навбатда ёшларнинг таълимига ва уларни зарур кўникмаларга ўқитишга катта аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, 2017 йилдан олиб борилаётган ёшлар сиёсати доирасида, Давлатимиз раҳбари томонидан олий таълим муассасаларига қабул қилинаётган талабалар сонини кўпайтириш бўйича дастурлар тасдиқланди. 25 та олий таълим муассасининг 202 объектида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга ошириш ва уларнинг моддий-техника базасини модернизациялаш орқали талабаларга қулай шароитлар яратилди.

Шубҳасиз, янги марраларга эришаётган ва янгиланаётган мамлакатимизда сифатли таълимнинг ёшлар учун очиқлигини таъминлаш уларнинг кўникмаларини ривожлантириш ва меҳнат бозорига кириш имкониятини ошириш ва шу орқали ёшлар орасидаги ишсизликни камайтиришда катта роль ўйнайди.

Йил сайин Ўзбекистонда ёшларни ҳар томонлама ривожлантириш ва уларнинг салоҳиятини очиб бериш катта аҳамият касб этмоқда. Ёшлар ўз ташаббусларини ишонч билан илгари суриши ва давлатимиз равнақида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятга эга бўлиши ва уларга муносиб шароит яратиб берилишига Давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бежизга мамлакатимиз Президенти томонидан 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилинди.

Давлатимиздаги ёшлар сиёсатини янги босқичга кўтариш мақсадида, 2021 йилга мўлжалланган давлат дастури ишлаб чиқилди. Дастур доирасида малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида, нуфузли хорижий олийгоҳларнинг бакалавриат, магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сонини ошириш юзасидан чоралар белгиланди. Ўқиш ҳаражатлари “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан қопланиши белгиланди ва бу билан хорижда ўқиш учун имконияти чекланган ёшларга янги истиқболларни яратиб берди.

Коронавирус COVID-19 пандемияси тарқалган даврида дунё бўйлаб карантин чекловлари жорий этилди ва натижада иқтисодий фаоллик сезиларли даражада пасайди. Бир қатор хорижий мамлакатлар сингари, Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқлар узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлашга қаратилган 10 трлн. сўмлик Инқирозга қарши курашиш жамғармаси шакллантирилди. Пандемияга қарши курашиш билан боғлиқ қўшимча молиявий юкка қарамасдан, давлат томонидан ёшларнинг муаммолари четда қолмади.



[1] https://president.uz/uz/lists/view/4105

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение