3-Avgust, 2024-yil

Сирдарёлик тадбиркорнинг электр энергияси бўйича мурожаати Бизнес-омбудсман томонидан ижобий ҳал этилди

"Зумрад" (номи ўзгартирилган) оилавий корхонаси раҳбари электр таъминоти корхонаси томонидан нотўғри ҳисоб-китоб қилиниши ва асоссиз қарздорлик юзага келганлигидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

 Мурожаатда, электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан белгиланган лимитдан ортиқча электр энергияси ишлатилганлиги ва қўшимча тўловлар тўланмаганлиги ҳақида далолатнома тузилиб, қарздорлик ҳисобланганлиги билдирилган. Бироқ, оилавий корхона 2019 йилдан буён фаолият юритаётганлиги ва электр энергияси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилганлиги таъкидланган. Бундан ташқари, корхонага берилган имтиёзлардан бехабар бўлганлиги сабабли, аввалги йиллар учун қилинган тўловларни қайта ҳисоб-китоб қилиш сўралган.

 Бизнес-омбудсманнинг сўровига кўра, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Сирдарё ҳудудий филиали Гулистон шаҳар электр тармоқлари корхонаси томонидан қайта ҳисоб-китоб қилинганда 17 млн сўмлик ортиқча тўлов аниқланди.

 Натижада, 5 млн сўм қарздорлик бекор қилиниб, 12 млн сўм корхона фойдасига қайтарилди. 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение