6-May, 2024-yil

Тадбиркорга тегишли ер участкаси хусусийлаштирилишига қўйилган ноқонуний тўсиқ бартараф этилди

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида фаолият юритувчи “Равшан” МЧЖ (номи ўзгартирилган) ўзига тегишли ерни хусусийлаштиришга давлат органлари томонидан тўсқинлик қилинаётганидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, тадбиркор 2022 йилда аукцион орқали 229 млн сўмга сотиб олган ер участкасини хусусийлаштиришни сўраб мурожаат қилган. Бироқ Давлат активларини бошқариш агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳамда Давлат кадастрлар палатаси Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан мазкур мурожаат ноқонуний рад этилган.

Мазкур мурожаатни рад қилишда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддаси асос қилиб кўрсатилган.

Ваҳоланки, мазкур моддада ер участкаларини хусусийлаштиришга доир шаҳарсозлик талаблари назарда тутилган бўлиб, туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими томонидан ер участкаларини хусусийлаштиришга бевосита монелик қиладиган маълумотлар мавжуд эмаслиги ҳақида ижобий хулоса берилган.

Шундан келиб чиқиб, Қарши туманлараро маъмурий судига мурожаат қилинди ҳамда судда тадбиркорнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.

Суднинг 17.04.2024 йилдаги ҳал қилув қарори билан Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Давлат кадастрлар палатаси ҳудудий бошқармаларининг хусусийлаштиришни рад этиш билан боғлиқ ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилди ва тадбиркорнинг аризасини қайта қонуний кўриб чиқиш мажбурияти юкланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение