Навоий вилоятида фаолият кўрсатувчи “Матонат” фермер
хўжалиги (номи ўзгартирилган) раҳбари табиий газ учун ортиқча ҳисобланган
қарздорликни бекор қилишни сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, газ таъминоти корхонаси томонидан ўтказилган
назорат тадбири якунига кўра газ сарфи ҳолати қайта ҳисоб-китоб қилинган ва
“E-Gaz billing” электрон тизимига 10 млн сўм қарздорлик ҳисобланиб, иқтисодий
суд ҳал қилув қарори билан хўжаликдан 10 млн сўм асосий қарз ва 500 минг сўм
миқдорда пеня ундирилиши белгиланган.
Фермер хўжалиги суднинг қароридан норози бўлиб, Навоий
вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига шикоят
қилган. Шундан сўнг биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгартирилиб,
фермер хўжалигидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ фойдасига 816 минг сўм асосий қарз ва
50 минг сўм пеня ундирилиши белгиланган.
Суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида “E-Gaz billing”
электрон тизимга киритилган ортиқча қарздорликни таҳрирлаш бўйича тадбиркор “Ҳудудгазтаъминот”
АЖга мурожаат қилган. Бироқ “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан мазкур қарздорлик
бугунги кунга қадар таҳрирланмаган.
Бизнес-омбудсман хулосасига асосан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ
томонидан фермер хўжалигига нисбатан ортиқча ҳисобланган қарздорлик
“Ҳудудгазтаъминот корпоратив тизими” дастури орқали таҳрирланиши таъминланди.