9-Aprel, 2024-yil

Мулкий ҳуқуқлар таъминланди: тадбиркор фойдасига 350 млн сўм компенсация ундириладиган бўлди

Бизнес-омбудсманга “Диёр” (номи ўзгартирилган) МЧЖ Хива шаҳар ҳокимлиги билан тузилган келишув шартномаси шартлари тўлиқ бажарилмаганлигидан норози бўлиб мурожаат йўллади.

Аниқланишича, Хива шаҳрининг батафсил режалаштириш лойиҳасига асосан тадбиркорга қарашли умумий майдони 1 703,45 кв.м бўлган нотурар бино ва иншоотлар бузиб ташланадиган ҳудудлар қаторига кирган.

Нотурар бино ва иншоотлар бузилиши ҳамда ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан “Диёр” МЧЖ ва Хива шаҳар ҳокимлиги ўртасида 2018 йил 15 октябрь куни “Келишув шартномаси” ҳамда 2020 йил 22 июнь куни “Қўшимча келишув шартномаси” тузилган.

Шартномаларга мувофиқ, мулк эгаси компенсация тўловидан воз кечиши ва ҳокимлик Жамиятга шаҳарнинг турли нуқталаридан жами бўлиб 4 000 кв.м ер майдони ажратиб бериши белгиланган.

Бироқ ҳокимлик келишув шартномаси шартларини тўлиқ бажармасдан, берилиши лозим бўлган ер майдонининг бир қисмини ажратиб бермай келган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6243-сонли Фармонига асосан, 2021 йил 1 августдан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинган.

Шу сабаб, тадбиркор томонидан Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказига юборилган сўров натижасида, марказ хулосасига кўра ажратилиши белгиланган 600 кв.м ер майдонига бўлган фойдаланиш ҳуқуқи ҳисобий-бозор баҳоси 350 млн сўмни ташкил қилиши кўрсатилган.

Шунга асосан, Жамият томонидан Хива шаҳар ҳокимлигига 350 млн сўмлик компенсация тўловини тўлаб бериш тўғрисида талабнома юборган бўлсада, ижроси таъминланмаган.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 29-моддасига асосан, Юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, бошқа иморатлар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда унга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилади ва етказилган бошқа зарарлар ўрни қопланади ёхуд давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарар тўлалигича қопланиши белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркор манфаатида компенсация ундириш мақсадида Боғот туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.

Қонун ҳужжатлари талабларига асосланиб, суд томонидан даъво қаноатлантирилиб, жавобгар Хива шаҳар ҳокимлигидан “Диёр” МЧЖ фойдасига 350 млн сўмлик компенсация тўлови ундирилиши белгиланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение