28-Mart, 2024-yil

Фермер хўжалиги тугатилмайдиган бўлди: тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди

Сурхондарё вилоятида фаолият кўрсатувчи тадбиркор “Диёр” (номи ўзгартирилган) фермер хўжалиги тугатилганидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, Денов туман ҳокимининг 2007 йил 28 январдаги қарорига асосан, фермер хўжаликларини ташкил этиш учун ким-ошди савдосида ғолиб чиққан фуқаро Х.Ч.га 2,91 гектар тутзор, 0,26 гектар ариқ ва йўллар, жами 3,17 гектар тутчиликка мўлжалланган ер майдони 45 йил муддатга ижарага ажратилган.

2007 йил 20 февралда Ч.Х. “Диёр” фермер хўжалигини ташкил қилиб, собиқ Денов туман ҳокимлиги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясидан рўйхатдан ўтказган. Фермер хўжалиги ва Денов туман ҳокимлиги ўртасида 2007 йил 21 февралда узоқ муддатли ер ижара шартномаси расмийлаштирилган. Шундан сўнг “Диёр” фермер хўжалигининг 3,17 гектар ер майдони фермер хўжалигига ижара ҳуқуқи билан тегишли эканлиги 2007 йил 1 ноябрда тасдиқланиб, гувоҳнома берилган.

Собиқ Денов туман ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона дарча” маркази директорининг 2017 йил 6 февралдаги қарорига асосан, молия хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва белгиланган муддатларда устав жамғармаларини шакллантирмаган 166 та корхона қаторида “Диёр” фермер хўжалиги ҳам давлат реестридан чиқарилиши ва тугатилиши белгиланган.

Мазкур қарор тадбиркорнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузган деб ҳисоблаб, “Диёр” фермер хўжалигига оид қисмини ҳақиқий эмас деб топишни ҳамда жавобгар зиммасига фермер хўжалигини давлат реестрига киритиш мажбуриятини юклашни, шунингдек, ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топиб тиклашни сўраб ариза билан судга мурожаат қилинган.

Суд аризада кўрсатилган ушбу асосларни ишдаги ҳужжатларга асосан текшириб, тадбиркорнинг бузилган барча ҳуқуқларини тиклади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение