3-Fevral, 2024-yil

Ер майдони ижара шартномасини бекор қилиш бўйича қабул қилинган қарор бекор қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида фаолият кўрсатувчи “Малика” МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари Халқ депутатлари Нукус тумани кенгашининг қароридан норози бўлиб, хуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, Нукус тумани ҳокимининг 2021 йил 9 февралдаги тегишли сонли қарори билан ҳокимият заҳирасидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, лекин экин майдонлари фойдаланишидан чиқиб кетган 54,19 Га ер майдони қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш мақсадида ажратилган.

Бироқ, Халқ депутатлари Нукус тумани кенгашида ж
амиятга тегишли бўлган ер майдони ижара шартномасини бир ой муддат ичида бекор қилиш масаласида судга даъво ариза киритиш бўйича 2023 йил 28 октябрь куни қарор қабул қилинган.

Бунга фермер хўжалиги ер майдонидан мақсадсиз фойдаланганлиги (сувдан ноқонуний фойдаланиб шоли экини экканлиги) асос қилиб кўрсатилган.


Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сонли Фармонига кўра, фойдаланишдан чиқиб кетган ер майдонларини қайта фойдаланишга киритишда ердан фойдаланувчиларга қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил жойлаштиришерга ишлов бермасдан экин экишга рухсат берилган.

Бундан ташқари, Ер кодексининг 36-моддасига кўра қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан паст бўлиши ер участкасидан оқилона фойдаланилмаслик деб баҳоланади.

Яъни Кенгаш тадбиркорга ер берилганига ҳали уч йил хам бўлмасдан туриб, унга ердан мақсадсиз фойдаланилган деб ижара шартномасини бекор қилишга уринган.

Таъкидлаш лозимки, Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик субъектларининг муаммолари билан ишлашда асосий эътибор уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларга хуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда қонунчиликда белгиланган ҳуқуқларини руёбга чиқаришга қаратилмоқда.

Бизнес-омбудсман томонидан “Малика” МЧЖнинг ҳуқуқлари Нукус туманлараро маъмурий судида ҳимоя қилиниб, суднинг 2023 йил 6 декабрдаги қарорига асосан Халқ депутатлари Нукус тумани кенгашининг қарори ҳақиқий эмас деб топилишига эришилди.

Шу тариқа, жамиятнинг муаммоси бартараф қилиниб, фаолиятига амалий ёрдам кўрсатилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение