24-Yanvar, 2024-yil

Тадбиркорларнинг рейтинги жорий этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-39-сон қарори (23.01.2024 й.) қабул қилинди.

 

Унга кўра, 2024 йил 1 февралдан қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилади.

 

Рейтинг доирасида тадбиркорлар қуйидаги тоифаларга ажратилади:

 

“ААА”, “АА” ва “А” тоифалар – юқори барқарорлик рейтинги;

 

“ВВВ”, “ВВ” ва “В” тоифалар – ўрта барқарорлик рейтинги;

 

“ССС”, “СС” ва “С” тоифалар – қониқарли барқарорлик рейтинги;

 

“D” тоифа – қуйи барқарорлик рейтинги.

 

Рейтинг Солиқ қўмитасининг “Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги” электрон платформасида идоралараро ахборот алмашинуви воситасида автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилади ва Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

 

Юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлар ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида тақдирлаш учун давлат мукофотлари ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига тавсия этилади.

Шавкат Мирзиёв

Ўзбекистон Республикаси Президенти

“Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта кучга айланди. Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи”

Text to speech
Звуковое сопровождение