Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик
субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-39-сон
қарори (23.01.2024 й.) қабул қилинди.
Унга кўра, 2024 йил 1 февралдан қонунчилик талабларига риоя
этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва қўшимча
рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик
рейтинги жорий этилади.
Рейтинг доирасида тадбиркорлар қуйидаги тоифаларга
ажратилади:
“ААА”, “АА” ва “А” тоифалар – юқори барқарорлик рейтинги;
“ВВВ”, “ВВ” ва “В” тоифалар – ўрта барқарорлик рейтинги;
“ССС”, “СС” ва “С” тоифалар – қониқарли барқарорлик
рейтинги;
“D” тоифа – қуйи барқарорлик рейтинги.
Рейтинг Солиқ қўмитасининг “Тадбиркорларнинг барқарорлик
рейтинги” электрон платформасида идоралараро ахборот алмашинуви воситасида
автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилади ва Савдо-саноат палатасининг расмий
веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлар ҳар йили 20
август – Тадбиркорлар куни арафасида тақдирлаш учун давлат мукофотлари ҳамда
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига тавсия этилади.