18 январь куни “Бизнес-омбудсман девони томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Бизнес-омбудсман ўринбосари Жамшид Урунов, девон мутасаддилари ҳамда ўнга яқин оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Матбуот анжуманида ишбилармон доираларни ўйлантираётган муҳим масалалар кўтарилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича ва мазмунли жавоб олдилар. Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бизнес вакилларини қийнаётган муаммолар, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш каби мавзуларга тўхталиб ўтилди.
Ушбу йўналишлардаги ўзгаришлар Бизнес-омбудсман томонидан 2023 йил давомида 5 йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар мисолларида кўриб чиқилди.
1) Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан ишлаш
Тадбиркорлардан 8 610 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 3 034 таси (50 фоиз) бўйича тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди, 3 051 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Мурожаатлар асосида тадбиркорларга 19,6 млрд сўмдан ортиқ кредит ажратилиши, 10,3 млрд сўм миқдорида асоссиз тўланган солиқ суммалари қайтарилиши, 3,7 млрд сўм пул маблағи ундирилишида ёрдам кўрсатилган.
Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 28 та тақдимнома киритилди, 159 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди, 65 нафар масъул шахсга интизомий чора қўлланилган.
2) Назорат қилувчи органлар томонидан текширувлари ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни амалга ошириш соҳасида 8 та назорат органида ўрганиш ўтказилган.
Ўрганишда 7 328 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, 9 та тақдимнома, 1 140 нафар мансабдорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган, 68 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, ўрганиш давомида кўрсатилган давлат хизматлари бўйича ташкилотларнинг тадбиркорлик субъектлари олдидаги 3,6 млрд сўмлик кредитор қарздорлиги қопланиши таъминланди.
3) Тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувларини мувофиқлаштириш
Жорий йилда 27 та назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлар фаолиятида жами 124 123 та текширув ўтказилган бўлиб, шундан 2 399 таси (2 фоизи) келишилган ҳолда, қолган 121 724 таси (98 фоизи) хабардор этилган ҳолда ўтказилган.
Назорат қилувчи органлар томонидан текширувларни келишиш учун киритилган жами 4 703 та буюртмадан 51 фоизи келишилган ва қолган текширув ўтказиш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаганлиги сабабли рад этилган.
4) Бизнес-омбудсман томонидан қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан жами кўрилган чоралари
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 3 387 та таъсир чораси, шундан 33,5 млрд сўмлик 122 та даъво аризаси, шикоят, 113 та тақдимнома, 49 та хулоса, 23 та огоҳнома ва 3 088 та маъмурий қўлланилган.
5) Тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш
Бизнес-омбудсман девони томонидан 5 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, шу жумладан 2 та Қонун, 2 та Президент Фармони ва 1 та Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилди.
Жумладан:
· “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши муносабати билан “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси;
· Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси.
554 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, улар бўйича 502 та таклиф ва эътирозлар юборилган.
Хусусан, 135 та қонун, 118 та Президент Фармон ва қарори, 195 та Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва 106 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари.
Шу билан бирга, 17 та тадбиркорлик фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар (таҳлилий маълумотлар) тайёрланди. Мазкур таклифларнинг 5 норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда акс эттирилиб, қолганлари кўриб чиқиш жараёнида.
Матбуот анжумани давомида 2024 йилда тадбиркорлик соҳасида кутилаётган ўзгаришлар бўйича қўшимча саволллар бўйича батафсил маълумот берилди.