6-Noyabr, 2023-yil

Биласизми?

Экспортчи корхоналарни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича «Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти» дастури жорий қилинган.



Дастурга киритилган экспортчи корхоналар:

экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширганда ноль даражали қўшилган қиймат солиғи ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган қисми уларнинг мурожаатига асосан тезлаштирилган тартибда 7 кун ичида тўлиқ қайтариб берилиши;

айланма маблағларини тўлдириш учун кредит олишида тижорат банкларига экспорт шартномаларини гаров таъминоти сифатида қабул қилиш тавсия этилиши;

Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириши учун охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда:

экспорт ҳажми 1 миллион доллардан 5 миллион долларгача бўлганда — 1 миллион долларгача;

экспорт ҳажми 5 миллион доллардан 10 миллион долларгача бўлганда — 2 миллион долларгача;

экспорт ҳажми 10 миллион доллардан 15 миллион долларгача бўлганда — 3 миллион долларгача;

экспорт ҳажми 15 миллион доллардан 20 миллион долларгача бўлганда — 4 миллион долларгача;

экспорт ҳажми 20 миллион доллардан ортиқ бўлганда — 5 миллион долларгача миқдорларда молиявий ресурслар ажратилиши;

битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиши учун уларга 30 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда молиявий ёрдам тақдим этилиши белгиланган.

 

Дастур доирасида экспортчи корхоналарни саралаб олиш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

экспортчи корхоналар юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган ҳамда камида сўнгги икки йил давомида фаолият юритаётган бўлиши;

охирги 12 ой мобайнида экспорт қилинган тайёр маҳсулот суммаси 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлиши;

умумий тушум ҳажмида экспортдан тушум улуши 30 фоиздан юқори бўлиши;

экспортга чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар тури 2 тадан ортиқ бўлиши;

охирги 12 ой мобайнида экспорт географияси, қўшни давлатларни инобатга олмаган ҳолда, 2 та мамлакатдан ортиқ бўлиши;

охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмида муддати ўтган дебитор қарздорликнинг улуши 5 фоиздан кам бўлиши лозим.

 

Экспортчи корхоналар Рўйхати Экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш ягона порталида (www.exportportali.uz) онлайн тартибда автоматик тарзда рейтинг асосида шакллантирилиши ва ҳар 6 ой мобайнида янгилаб борилади.

 

 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение