21-Sentabr, 2023-yil

Тадбиркорлик фаолиятини бошлашдаги муаммо бартараф этилди

Бизнес-омбудсман томонидан “Xovos savdo” МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари С.Олимованинг жамиятга тегишли бинога Мажбурий ижро бюроси қўйган таъқиқни олишда амалий ёрдам сўраб, йўллаган мурожаати ўрганилди.

Аниқланишича, Давлат активларини бошқариш агентлиги Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси (сотувчи), тадбиркор (харидор) ҳамда Ховос туман ҳокимлиги (балансда сақловчи) ўртасида 2022 йил декабрь ойида Ховос туман, Қорақум маҳалласида жойлашган “Оталар ва фахрийлар чойхонаси” биносини электрон-онлайн аукцион натижалари бўйича сотиш тўғрисида олди-сотди шартномаси тузилган.

Шартнома шартлари бажарилганлиги боис, Сирдарё вилоят Давлат активларини бошқариш бошқармаси томонидан С.Олимовага Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.02.2019 йилдаги ПФ-5666-сонли фармонига мувофиқ ушбу объект “тасарруф этиш ҳуқуқи билан” мулк ҳуқуқини тасдиқловчи Давлат ордери асосида берилган.

Бироқ, объектни МЧЖ балансига олиш мақсадида кадастр ҳужжатини расмийлаштириш жараёнида Ховос туман ҳокимлигининг мавжуд қарздорликлари сабабли, мазкур бинога Мажбурий ижро бюроси томонидан тақиқ қўйилганлиги маълум бўлган.

Ва бунинг натижасида тадбиркор ярим йил давомида ўзи сотиб олган мулкка тўлиқ эгалик қила олмай келган.

Вакил девонининг сўров хатига асосан Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан Ховос тумани ҳокимлиги балансида бўлган “Оталар ва фахрийлар чойхонаси” биносига қўйилган таъқиқлар бекор қилинишига ва тадбиркор фаолиятини бошлашидаги тўсиқ олиб ташланишига эришилди.

Ҳозирда, тадбиркор томонидан ушбу бино жамият балансига олиниб, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда хўжалик моллари савдоси фаолияти йўлга қўйилиб, 3 нафар ишчи ўрни яратилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение