Бухоро вилоятида фаолият юритувчи “Омон” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари электр таъминоти корхонаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, Бухоро вилоятидаги туман электр таъминоти корхонаси раҳбари зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармасдан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларини бузган.
Жумладан, Бухоро вилоятида фаолият кўрсатувчи тадбиркор туман электр таъминоти корхонаси томонидан асоссиз ҳисобланган қарздорликлар суд томонидан бекор қилинган бўлса-да, ҳисобланган пенялар олиб ташланмаганлиги, ҳисоб-фактура, солиштирма далолатнома ва истеъмол қилинган электр энергиясининг ҳисоб-китоблари берилмаётганлигини маълум қилган.
Хусусан, тадбиркорнинг биринчи мурожаатига 7 ойу 15 кун, иккинчи мурожаати бўйича 1 ойу 10 кун муддат ўтган бўлса-да, шу кунга қадар жавоб хати берилмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 43-моддасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликка зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Шунга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан Бухоро вилоятидаги туман электр таъминоти корхонаси раҳбарига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарликка тортилди.