Эркин иқтисодий зоналар дунё бўйлаб ривожланган ва
ривожланаётган мамлакатларда иқтисодиётни самарали тарзда ривожлантириш механизми
сифатида узоқ вақт давомида ишлатилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 23 ЭИЗ
мавжуд. Уларнинг фаолияти натижасида 2020 йилдаги саноат махсулотларининг умумий ҳажми деярли 9 триллион сўмни ташкил этди, бу эса мамлакатнинг ишлаб
чиқариш ҳажмининг 3% дан ортиғини ташкил
этади.
Ўзбекистон қонунчилиги билан эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларига солиқ ва божхона имтиёзлари
белгиланган. Шу билан бирга, махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари экспорт
қилинадиган ва импорт қилинадиган товарлар учун ўзига қулай бўлган
шарт-шароитлардан, тўлов шаклларидан ва ҳисоб-китоблардан фойдаланишга ҳақлидир. Аммо, ушбу берилган имтиёзларни қўллаш муддати қандай?
Шу каби саволга “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “Sofitel” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси дуч келди. Корхона томонидан божхона тўловларидан имтиёзларни қўллаган ҳолда
импорт қилинган товарлар рўйхати “Ўзбекистон
Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт
контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКка (кейинги ўринларда-Марказ)
тақдим этилган. Жамият томонидан тақдим этилган товарлар рўйхатидаги 24 та
товардан фақатгина 7 тасига ижобий хулоса берилиб, қолган 17 та товар “божхона
омбори” режимида олти ойдан кўп бўлганлиги важи билан рўйхатдан чиқариб
юборилган. Бунинг оқибатида, жамият томонидан ушбу 17 та товарга нисбатан эркин
иқтисодий зона иштирокчисига берилган божхона тўловларидан имтиёзи қўлланилмай
қолган. Аммо, ушбу важлар қанчалик асосли?
Юқорида айтилган имтиёзлар
киритилган инвестициялар ҳажми 10 миллион АҚШ доллари ва ундан юқори ташкил
этган ҳолда 10 йил муддатга берилади. Шу билан бирга, Тадбиркорлик фаолияти
субъектларининг давлат органлари, тадбиркорлик фаолияти субъекти
ҳуқуқларининг устуворлиги принципига мувофиқ қонун ҳужжатларида
тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча
бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти
субъектининг фойдасига талқин этилади.
Кўриниб турибдики, ЭИЗ аъзоси ишлаб чиқариш фаолияти учун импорт қилинган товарларни “божхона омбори”
режимида олти ойдан ортиқ вақтга жойлаштириш тадбиркорлик субъектининг фаолияти
учун қулай бўлса, у бундай шароитдан унга эркин иқтисодий зона иштирокчиси
сифатида берилган барча кафолатлар ва имтиёзлар билан биргаликда фойдаланишга
ҳақлидир.
Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан “Sofitel” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона манфаатида Чилонзор туман маъмурий судига даъво аризаси киритилди. Суд жараёнида, Марказнинг мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли “Sofitel” МЧЖ эркин иқтисодий зона иштирокчиси сифатида божхона имтиёзларидан тўлиқ фойдаланилмаганлигига аҳамият қаратилди.
Юқоридагиларни инобатга олган
ҳолда, суд қарори билан Марказнинг мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилди ҳамда тегишли
хулосани қонун ҳужжатларига
мувофиқлаштириш мажбурияти юклатилди.
Ҳурматли тадбиркорлар, махсус
иқтисодий зона иштирокчиларига берилган солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа
преференциялар бекор қилинишига олиб келиши мумкин бўлган ягона ҳолат - бу юридик шахснинг махсус иқтисодий зона
иштирокчиси мақомини йўқотиши ҳисобланади. Қонунда махсус иқтисодий зона
иштирокчиси учун тегишли имтиёзлар ва преференцияларни
қўлламасликнинг бошқа ҳолатлари келтирилмаган.