19-Avgust, 2023-yil

Текширув ўтказиш тартибини бузган мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди


Андижон вилоятида фаолият юритувчи “Жайрона” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари Бизнес-омбудсманга ўз корхонаси фаолиятида ўтказилган текширувдан норози бўлиб, текширув ўтказиш тартиби бузилганлиги юзасидан мурожаат қилди.

Аниқланишича, солиқ органларининг икки нафар масъул ходими “Жайрона” МЧЖ томонидан касса чеки берилмаганлиги бўйича “Soliq hamkor” автоматлаштирилган тизими орқали йўлланган мурожаат асосида сайёр солиқ текшируви ўтказган.

Мурожаат ўрганилганда сайёр солиқ текширувини ўтказиш жараёнида бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.09.2022 йилдаги ПҚ-374-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси текширилаётган тадбиркорлик субъектига тилхат олинган ҳолда топширилиши лозимлиги белгиланган.

Мазкур Низомнинг 26-бандида тадбиркорлик субъекти фаолиятида ўтказиладиган текширувларда тадбиркорга унинг ҳуқуқлари тушунтирилиши ҳамда бу ҳақда тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс) томонидан текширув ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар нусхалари олинганлигини тасдиқловчи тилхатда маълумот қайд этилиши белгиланган.

Бироқ текширувчилар томонидан Жамият фаолиятида ўтказилган текширув жараёнида тадбиркорга текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси топширилмаган, шунингдек, унинг ҳуқуқлари тушунтирилмаган.

Бундан ташқари, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 39-моддасида текширув бошланишидан олдин текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг текширувда иштирок этиш учун юридик хизмат вакилларини ва (ёки) адвокатни жалб этиш ёки уларнинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилиб, бу ҳақда баённома тузилиши белгиланган бўлса-да, ҳуқуқбузар М. Ғозиев томонидан баённома расмийлаштирилмаган.

Юқоридагиларга кўра, сайёр солиқ текширувини ўтказган икки нафар солиқчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-2-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузилди ва Жиноят ишлари бўйича Андижон шахар судининг қарорига кўра БҲМнинг 10 бараваридан маъмурий жарима тайинланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение