4-Fevral, 2021-yil

Тадбиркорларга 409,0 млрд. сўмлик имтиёзлар ажратилади(ми?)

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабнинг юқорилиги ва ушбу соҳанинг Ўзбекистон Республикасининг ЯИМ таркибидаги улуши юқори бўлганлиги сабабли, мамлакатимиз ушбу соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга давлат томонидан ажратилаётган имтиёзлар муҳим аҳамиятга эга, аммо ушбу имтиёзлар ажратиш тизими кўпинчалик тадбиркорларнинг норозилигига олиб келмоқда.

Ушбу ҳолатга маҳаллий мансабдор шахслар томонидан қонунчиликда белгиланган чоралар аксарият ҳолларда нотўғри изоҳланганлиги сабаб бўлмоқда, натижада эса тадбиркорларга, инвесторларга ва умуман ишбилармон муҳитига зарар етказилмоқда.

Мисол сифатида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган субсидияларни олайлик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 майдаги ПҚ-4716-сон Қарорига мувофиқ, 2020 йил 20 майдан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунда белгиланган йўналишлар учун субсидиялар ажратилиши белгиланган.

Энг катта миқдордаги субсидиялар, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатишни режалаштирган тадбиркорларга ажратилиши назарда тутилган. Ушбу субсидиялар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида амалга оширилади.

Шунга қарамай, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, суғориш воситаларини харид қилиш учун, уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш юзасидан 113 та шартномалар асосида тадбиркорларга тегишли 409,0 млн сўм пул маблағлари тўлаб берилмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Тақдимнома киритилди ва натижада Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тадбиркорларга 387,3 млн сўм пул тўлаб берилди. Қолган суммани тўлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Ҳукумат томонидан белгиланган чоралар мутасадди ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва сифатли равишда амалга оширилса аҳолининг ишчанлик фаоллигига ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга ижобий таъсир қилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение