17-Avgust, 2023-yil

Тадбиркорнинг 8 млрд сўми бир ярим йилдан сўнг қайтариб берилди

 Самарқандда рўйхатга олинган якка тартибдаги тадбиркор “E-AUKSION” электрон савдо платформаси орқали сотиб олган объектига аукцион натижалари бўйича баённома расмийлаштирилмаганлиги ҳамда тўланган пул маблағи қайтарилмаётганлигидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, бир ярим йил олдин тадбиркор МИБ томонидан “E-AUKSION” орқали савдога чиқарилган автомобилларга газ ёқилғи, сиқилган газ қуйиш станцияси ва бино-иношоотлари шоҳобчаси бўйича танловда ғолиб деб топилган.

2022 йил 27 июнда тадбиркор томонидан “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК депозит ҳисобварағига 8 млрд сўм тўланган.

Ушбу савдога чиқарилган объектга нисбатан Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 26 апрелдаги ажримига асосан дастлабки ҳимоя чоралари қўлланилганлиги сабабли оператор томонидан тадбиркорга аукцион натижалари бўйича баённома расмийлаштириб берилмаган.

Аукцион натижалари бўйича баённома бир йилдан ортиқ вақт мобайнида расмийлаштирилмаганлиги, сўнгра тўланган пул маблағи турли важлар билан қайтарилмаганлиги натижасида тадбиркорнинг қонуний манфаатларига жиддий зиён етказилган.

Мурожаатни ўрганиш давомида тўланган пул маблағларини қайтариш юзасидан “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” ДУКга Бизнес-омбудсман хулосаси киритилди. 2023 йил 23 июлда тадбиркорлик субъектига 8 млрд сўм маблағ қайтариб берилиши таъминланиб, бир йилдан ортиқ вақт давом этган сарсонгарчиликка барҳам берилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение