“Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш
бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-152-сон,
30.09.2024 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2018–2022 йилларда давлат-хусусий шериклик
асосида нодавлат боғчаларни ташкил этиш учун ажратилган имтиёзли кредитларни
қайтариш муддати 5 йилга узайтирилади.
2024 йил 1 октябрдан жисмоний шахс бир пайтнинг ўзида бир
нечта оилавий нодавлат боғчада меҳнат фаолиятини юритаётган бўлса, ижтимоий
солиқ суммаси унинг битта (асосий) иш жойи бўйича тўланади.
2025 йил 1 сентябрдан давлат-хусусий шериклик асосида
нодавлат боғчаларни ташкил этиш тўғрисидаги битимлар Мактабгача таълимни
бошқариш ахборот тизимида электрон шаклда тузилади.
2025 йил 1 январдан қамров даражаси паст бўлган давлат
умумий ўрта таълим муассасаларининг бўш турган ер участкаларида давлат-хусусий
шериклик асосида нодавлат боғчалар фаолиятини йўлга қўйишга рухсат
этилади.