April 28, 2023

Иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Бизнес-омбудсман Дилмурод Касимов нутқ сўзлади

Жорий йил 27-28 апрель кунлари Иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (TIIF-2023) бўлиб ўтди.

Унда 70 та мамлакатдан 2500 га яқин бизнес ва молия соҳаси вакиллари иштирок этди.

Мазкур халқаро доирадаги тадбирда Бизнес-омбудсман Дилмурод Касимов “Тадбиркорлик учун адолат: бугун ва келажак” мавзусидаги ялпи мажлисда маъруза қилди.


Ҳурматли Форум иштирокчилари, хонимлар ва жаноблар!

Ушбу тадбирда сизларни кўриб турганимдан мамнунман.

Ишончим комилки, ушбу Инвестицион форум платформаси мамлакатимизнинг сармоявий имкониятларини очиб берувчи ўзига хос ахборот майдони сифатида хизмат қилади.

Ҳеч шубҳасиз, Форум якунлари бўйича ҳар бир иштирокчи кўплаб фойдали маълумотларга ва ўзлари учун янгиликларга эга бўладилар.

Ўтган йилларда Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг тубдан янги босқичига қадам қўйди.

Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ислоҳотлар амалга оширилди ва ҳанузгача давом этмоқда. Умуман, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Барчага маълумки, инвесторлар ҳам, барча тадбиркорлар каби, фаолиятини, айниқса, хорижий давлатда йўлга қўйилишида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимояланиши муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар эса бу соҳани ҳам четлаб ўтмади.

Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасигача кўтарилди.

Тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашувнинг олдини олиш, давлат назоратининг эскирган функцияларини қисқартириш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш юзасидан қатъий чоралар кўрилмоқда.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат органлари билан муносабатларнинг барча соҳаларида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили жорий этилди.

Тадбиркорлик субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган ҳуқуқбузарликлар учун қатъий маъмурий ва жиноий жавобгарликлар белгиланди ҳамда маъмурий ва жиноят қонунчилигида алоҳида боблар билан тартибга солинди.

Мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулкка нисбатан содир этган ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлиги сезиларли даражада оширилди.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса, ушбу ҳуқуқбузарликларни ихтиёрий равишда бартараф этиб ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган тақдирда, уларни барча турдаги жавобгарликдан озод қилиш каби тубдан янги чора-тадбирлар белгиланди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо чорасини қўллаш тақиқланди.

Тадбиркорлик субъекти фаолиятини текширишнинг эскирган турлари, шу жумладан режали текширишлар ва назорат тартибида ўтказиладиган текширишлар бекор қилинди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувни ўтказиш фақат “хавфни таҳлил этиш” тизими натижаларига кўра ташаббус қилиш тартиби белгиланди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишга мораторий тизимини қўллаш механизми жорий этилди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида 2023 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий ўрнатилди.

Шуни таъкидлаш лозим, мазкур чора 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган.

Бундан ташқари, юқоридаги дастурга кўра тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини янада либераллаштириш мақсадида савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни маъмурий юрисдикцияга ўтказиш орқали бекор қилиниши назарда тутилган.

Шунингдек, сўнгги йилларда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг янги самарали механизмларини яратиш мақсадида институционал
ва тузилмавий ислоҳотлар ҳам амалга оширилди.

Хусусан, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан
2017 йилда Бизнес-омбудсман институти ташкил этилди.

Бизнес-омбудсман институти давлат ва тадбиркорлар ўртасида ўзига хос кўприк сифатида хизмат қилиши халқаро амалиёт мисолида яққол намоён бўлди.

Мазкур институтлар дунёнинг 50 дан ортиқ давлатида ташкил этилган ва самарали фаолият кўрсатиб келмоқда, тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган низоларни судгача ҳал этиш учун хизмат қилади.

Барчамизга маълумки, суд ишларида тадбиркорлар процессуал чиқимлари доирасида кўплаб харажатлар ва вақт сарфланишига дуч келадилар.

Тадбиркорлар учун қимматли вақт ва маблағларни тежаш жиҳатидан низоларни судгача ҳал қилиш институти тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган ҳар қандай низоларни ҳал этишда қулайдир.

Рухсатларингиз билан Бизнес-омбудсман институти фаолиятининг асосий йўналишлари ва ваколатларига қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Қонунчилик базасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ҳамда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтлар фаолиятини қонун ҳужжатлари билан тартибга солиш мақсадида бизнес-омбудсман институти фаолияти махсус қонун билан тартибга солинади.

Бизнес-омбудсман институти Париж тамойилларига тўлиқ мос келади ва унинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг 12 та қонуни, жумладан, 4 та процессуал қонунлари билан тартибга солинади.

Бундан ташқари, мазкур институт низоларни судгача ҳал этиш механизми сифатида фаолият юритиш учун бир қатор ваколатларга эга.

Хусусан, қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини бартараф этиш ва бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятига доир қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш эълон қилиш.

Бизнес-омбудсман институти ташкил этилганидан буён давлат органларининг мансабдор шахсларига тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга доир 1 500 дан ортиқ тақдимнома, огоҳлантириш ва хулосалар киритилган.

Шу билан бирга, Бизнес-омбудсман институти тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб судга аризалар, даъволар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ваколатига эга.

Процессуал қонунлар билан, Бизнес-омбудсман институтининг тадбиркорларнинг манфаатларини кўзлаб даъволар киритиш ва суд жараёнининг барча босқичида қонуний кучга кирган суд қарорлари устидан шикоят қилиш бўйича процессуал ҳуқуқлари тартибга солинган.

Ушбу ташкилот тадбиркорлар манфаатларини хўжалик, маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича судларда ҳимоя қилиши мумкин.

Мазкур йўналишда тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб судларга 673 дан ортиқ ариза, даъво
ва шикоятлар киритилган.

Мазкур ариза, даъво ва шикоятларни судлар томонидан кўриб чиқилиши натижасида, тадбиркорлар манфаатларида
153 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағларини ундириш ҳамда
12 минг гектардан ортиқ ер майдонларини қайтариш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, Бизнес-омбудсман институтига назорат органларнинг тадбиркорлар фаолиятида текширувларни ўтказишни мувофиқлаштириш ҳамда назорат органлари томонидан текширувларни ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни амалга ошириш бўйича қўшимча функциялар юклатилган.

Мазкур функция доирасида назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг текширувлари қонунийлиги устидан тўлиқ мониторинг қилинади.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиман, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида давлат назоратини амалга ошириш соҳаси ҳам тубдан ислоҳ қилинган ва бугунги кунда унинг қонунийлиги бизнес-омбудсман институти томонидан “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали масофадан туриб мониторинг қилинади.

Шунингдек, “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали ташкил этилган бўлиб, ушбу портал орқали тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кечаю кундуз қабул қилиш, ҳал этиш ва ушбу жараёнларни назорат қилиш имкониятини беради.

Бунда, агар тадбиркор фаолиятидаги муаммони ҳал этиш юзасидан маълум бир давлат идорасига мурожаат қилса, унинг мурожаатини кўриб чиқиш ҳолати, яъни ўз вақтида кўриб чиқилиши
ва мазмунан ҳал этилиши масофадан туриб мониторинг қилинади.

 

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Ҳаммамизга маълумки, ишончли ҳимоясиз бизнес эркин тарзда мавжуд бўлиши ва ривожланиши мумкин эмас.

Шубҳасиз айта оламанки, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча шароит ва механизмлар яратилган.

Мазкур инвестицион форумнинг платформаси хорижий инвесторларга мамлакатимиздаги давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари билан ишончли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун катта имкониятдир.

Шу билан бирга, мазкур Форум пировардида одамлар фаровонлигига, рақобатбардош иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қиладиган йирик инновацион лойиҳалар учун муваффақиятли платформа бўлиб хизмат қилади.

 

Азиз дўстлар!

Ишончим комилки, мазкур Форум, конструктив мулоқот ва муҳокамалар ўтказилиши амалий ижобий натижаларга олиб келади, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш борасидаги биргаликдаги ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқишда учқун бўлади.

Форумнинг барча иштирокчиларига чин дилдан самарали ишчанлик кайфиятни тилайман!

 

Эътиборингиз учун раҳмат.

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

Any economic progress depends on the development of private ownership, entrepreneurship and private sector.

Text to speech
Звуковое сопровождение