April 18, 2023

Тадбиркорлар муаммолари жойида ўрганилмоқда

Пахтакор туманида 2023 йил 18 апрель куни Тадбиркорлик субъектларининг вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан ташкил этилган мазкур учрашувда туман ҳокими Асилбек Ашуров, туманда фаолият кўрсатувчи 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари, 25 та назорат қилувчи вилоят ва туман идора ҳамда ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Учрашув жараёнида банк кредитини ажратиш, ерни аукцион савдосига чиқариш, шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, солиқларни кечиктириш ҳамда кредит муддатини узайтириш масаласида жами 8 та мурожаат келиб тушди, солиқ масаласи билан боғлиқ 2 та мурожаат жойида ҳал этилди.

Хусусан, жорий йил бошида кузатилган аномал совуқ натижасида фаолияти муайян муддатга тўхтаб қолиши натижасида молиявий қийинчиликлар сабабли кредит қарзлари тўлаш кечиккан.

Шунга кўра, ушбу йўналиш бўйича имтиёз бериш юзасидан тегишли таклиф лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Тадбирдан сўнг Пахтакор туманида жойлашган пахта-тўқимачилик кластери сифатида фаолият олиб бораётган “Пахтакор Текс” МЧЖ қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишилди. Мазкур қўшма корхона 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, жамиятда 450 нафар ишчи-хизматчи фаолият олиб боради.

2019 йилдан бошлаб Япония, Швейцария ва Туркия давлатларидан импорт асосида келтирилган ускуналарда юқори сифатли ип-калава маҳсулотини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Кунлик ип-калава ишлаб чиқариш ҳажми 20 тоннани ташкил қилади.

Ўтган 2022 йил мобайнида жамиятда ишлаб чиқарилган маҳсулотдан 13,6 млн АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Туркия ва Хитой давлатларига экспорт қилинган.

Корхонани кенгайтириш мақсадида бўялган мато ишлаб чиқариш лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, лойиҳани жорий йилнинг 3-чорагида ишга тушириш режалаштирилган.

Корхона раҳбари И.Абдураҳмонов билан бўлиб ўтган суҳбатда корхонада электр таъминотида узилишлар бўлаётганлиги ва бу ўз навбатида ишлаб чиқариш жараёнига салбий таъсир этаётганлиги маълум қилинди.

Ушбу масалани мутахассисларни жалб этган ҳолда вакил девонида ўрганиш ва уни ваколат доирасида ҳал қилиш чорасини кўриш бўйича тўхтамга келинди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Бухоро, Сурхондарё, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг таклиф-мулоҳазалари тингланди.

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

In the conditions of complex economic transformations, if obstacles and restrictions in the activities of entrepreneurs are removed, we will provide them with real assistance

Text to speech
Звуковое сопровождение