Feb. 24, 2023

Тадбиркорнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тартиби қандай?

“Мен хусусий тадбиркорман. Яқинда солиқ органлари ҳисобрақамимни ёпиб қўйди. Кейин билсам, солиқ ҳисоботини ўз вақтида топширмаган эканмиз. Ҳисоботни топширдик ҳам мана 20 кун ўтдики, ҳисобварақимиз очилмаяпти. Бу орада қанча банк операцияларини амалга оширолмай қийналмоқдамиз.

Тадбиркорнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тартиби қандай?”

 Жавоб: Солиқ кодексининг 111-моддасида, “Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга қабул қилиниши мумкин.

Бунга қуйидаги ҳолатларда йўл қўйилади:

1) ушбу солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан солиқ органига молиявий ва (ёки) солиқ ҳисоботи бундай ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугаганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилмаганда;

2) солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан солиқ органининг камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талабномасига тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар белгиланган муддатда тақдим этилмаганда, шунингдек солиқ тўловчи томонидан солиқ органи талаб қилган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

3) солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларини кўрсатилган ҳудудга ёки бинога (бундан турар жойлар мустасно) киришига тўсқинлик қилишда. Солиқ органи мансабдор шахсининг киришига тўсқинлик қилиниши унинг ўзи ва текширилаётган шахс томонидан имзоланадиган далолатнома билан расмийлаштирилади. Бундай далолатнома асосида солиқ органи банкдаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туради;

4) солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ўзи кўрсатган манзилда йўқлигида.

Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни ўн кундан кўп муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг илтимосномасига асосан суд томонидан қабул қилиниши мумкин. Бунда солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банк ҳисобварақлари бўйича операциялари суд томонидан қарор қабул қилингунга қадар тўхтатиб турилади.

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 42-моддасига асосан тадбиркорлик субъектининг банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларини 10 кундан ортиқ муддатда тўхтатиб туриш фақат суднинг қарори асосида амалга оширилади.

 Солиқ кодексининг 112-моддасига кўра, Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор қуйидагилар асосида қарор қабул қилинган тақдирда бекор қилинади:

1) ушбу Кодекснинг 111-моддаси учинчи қисми 1-банди асосида — солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан молиявий ва (ёки) солиқ ҳисоботи тақдим этилган кундан кейин бир кундан кечиртирмасдан;

2) ушбу Кодекснинг 111-моддаси учинчи қисми 2-банди асосида — солиқ органининг талабига жавобан ҳужжатлар, тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар тақдим этилган куни;

3) ушбу Кодекснинг 111-моддаси учинчи қисми 3-банди асосида — солиқ органининг текширув ўтказаётган мансабдор шахсларига кириш ҳуқуқи берилган кундан кейин бир кундан кечиктирмай;

4) ушбу Кодекснинг 111-моддаси учинчи қисми 4-банди асосида — солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) у маълум қилган манзилида йўқлигининг асослилиги солиқ органи томонидан эътироф этилган кундан кейин бир кундан кечиктирмай. Бундай эътироф учун солиқ тўловчининг вакили солиқ тўловчи ҳисобда турган жойдаги солиқ органига зарур тушунтиришларни шахсан тақдим этиши шарт.

Солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш муддати ёки бундай қарорни банкка юбориш муддати бузилган тақдирда тўхтатиб туриш режими амал қилган пул маблағлари суммасига фоизлар ҳисобланади, бу фоизлар солиқ органи томонидан солиқ тўловчига (солиқ агентига) муддат бузилган ҳар бир календарь кун учун тўланиши лозим.

Агар солиқ органи солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида ноқонуний қарор чиқарган бўлса, тўхтатиб туриш режими амал қилган пул маблағлари суммасига нисбатан банк солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан то уни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни олгунга қадар ҳар бир календарь кун учун ушбу солиқ тўловчига тўланиши лозим бўлган фоизлар ҳисобланади.

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

Any economic progress depends on the development of private ownership, entrepreneurship and private sector.

Text to speech
Звуковое сопровождение