Тадбиркорлар товарларининг мамлакат ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланишини чеклашга йўл қўйилмайди.
"Бизнес-омбудсманга мурожаат" Телеграм канали (https://t.me/biznesombudsmangamurojaat) орқали Наманганда рўйхатдан ўтган экспортёр тадбиркорнинг Қорақалпоғистон ҳудудидан экспортга йўналтириладиган маҳсулотни олиб чиқишда чекловлар бўлаётганлиги ҳақидаги мурожаати келиб тушди.
Шуни қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67-моддаси билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.
Қолаверса, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 18-моддасига кўра тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг ҳудудий принцип бўйича эркин ҳаракатланишини чеклашга, тўхтатиб туришга ва тақиқлашга йўл қўйилмайди.
Ҳозирда мазкур ҳолат назоратга олиниб, чекловларни бартараф қилиш бўйича тегишли масъул ташкилотлар билан биргаликда иш олиб борилмоқда.
Давлат органларидан тадбиркорларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқларига қатъий риоя қилишни сўраймиз.