
Бугун, 3 июль куни Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида CABIN ташаббуси доирасида “Ҳалоллик – бизнесда меъёр” мавзусида конференция ўтказилди.
Мазкур конференцияда Ўзбекистон Бизнес-омбудсмани девонининг коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул ходими иштирок этди. У БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (UNODC) ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда минтақада коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида Марказий Осиёда амалга оширилиши керак бўлган тадбирларни белгилаш юзасидан фикр алмашди.
Конференциянинг асосий мақсади – CABIN миссияси ва низомини тақдим этиш, ҳалоллик тамойилларини илгари суриш соҳасидаги долзарб тенденцияларини муҳокама қилиш, шунингдек, бу йўналишда давлат органлари, бизнес ҳамжамияти вакиллари, фуқаролик жамияти ва бошқа манфаатдор томонлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
CABIN ташаббуси БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда йўлга қўйилган бўлиб, ташаббуснинг асосий мақсади БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясини жадал амалга оширишдир.
Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон давлатларидан вакиллар иштирок этди.