June 30, 2025

Ёш тадбиркорлар – миллий тараққиёт драйвери

 

Юртимиз иқтисодиётида хусусий секторнинг жадал ривожланиши, айниқса, сўнгги йилларда кичик бизнеснинг фаоллашуви бевосита иқтисодий ўсишнинг муҳим йўналиши сифатида намоён бўлмоқда. Ушбу жараёнда ёш тадбиркорларнинг ўрни беқиёс. Зеро, мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмидан кўпи – 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Улар иқтисодий фаол аҳолининг асосий қатлами бўлгани боис, ҳар йили меҳнат бозорига кириб келаётган билимли ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш энг самарали ва оқилона йўлдир.

 

Бугун ёшларни давлат даражасида қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Чунки улар жамиятнинг энг фаол, бунёдкорлик ғояларига бой ва салоҳиятли қатлами ҳисобланади. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳозирги кунда кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, уларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилмоқда. Ёш тадбиркорларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш, имтиёзли микрокредитлар билан таъминлаш орқали эса қулай ишбилармонлик муҳити яратилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-62-сон қарори бу борадаги кенг кўламли ишларга ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур ҳужжат доирасида 2025 — 2027 йиллар давомида «Ёшлар бизнеси» дастури амалга оширилмоқда. Дастур 350 минг нафар ёшни қамраб олиш, шу жумладан, 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар учун камида 100 мингта қўшимча иш ўринлари яратишни кўзда тутади. Шунингдек, ёш тадбиркорларга комплекс хизматлар кўрсатиш ва молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида АТ «Алоқабанк» таянч «ёшлар банки» этиб белгиланди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 30 июнь куни Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда шундай таъкидлади: “Кейинги йилларда иқтисодиётимиз тез суръатлар билан ўсиб, барча соҳаларда имкониятларимиз ортиб бораётганида, ҳеч шубҳасиз, сиз ёшларнинг ҳам муносиб ҳиссангиз бор... ҳар қандай халқ, ҳар қандай давлат бизга ҳавас қилса арзийди”. Бу сўзлар ёшларнинг мамлакат тараққиётидаги муҳим ўрнини яққол кўрсатади. Халқаро ҳамкорлар ва дунёнинг нуфузли компаниялари Ўзбекистонга миллиардлаб доллар инвестиция киритиши ҳам ёшларимизнинг илм-фан, таълим, IT, маданият, санъат ва спортдаги ютуқларига, салоҳиятимизга бўлган ишончининг далилидир.

 

Аниқ лойиҳалар – аниқ имкониятларга эшик очади. Мамлакатимизда бу каби муваффақиятли лойиҳалар талайгина. Жумладан:

 

«Бизнесга биринчи қадам» лойиҳасига мувофиқ, 18-30 ёшли ўзини ўзи банд қилган шахсларга 100 млн сўмгача имтиёзли микроқарзлар ажратилмоқда. Бу маблағлар томорқадан самарали фойдаланиш, чорвачилик, паррандачилик, ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш ва ҳатто фрилансерлик фаолиятини йўлга қўйишга ёрдам беради.

 

«Ёшлар учун иш ўринлари» лойиҳаси доирасида эса камида 20 та янги иш ўрни яратишни асословчи лойиҳага эга ёш тадбиркорларга 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 5 млрд сўмгача маблағ ажратилиши қўллаб-қувватланмоқда. Бу ишлаб чиқариш, қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги имкониятларни яратади.

 

«Инновацион ёшлар» лойиҳаси бўйича эса Венчур жамғармалари орқали ёшларнинг стартап лойиҳаларига капитал инвестициялар киритилмоқда, илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмалар ривожлантирилмоқда. Робототехника, замонавий лабораториялардан фойдаланиш, халқаро танловларда иштирок этиш учун ҳам молиявий қўллаб-қувватлаш таъминланмоқда. Бундан ташқари, ёшларнинг замонавий ва талаб юқори бўлган касб-ҳунарлар, жумладан, рақамли технологиялар ва хорижий тилларга ўқиши ўрнатилган тартибда молиялаштирилмоқда.

 

Президент Шавкат Мирзиёев бугунги учрашувда таъкидлаганидек: “Катта-катта давлатлар, дунёнинг энг нуфузли компаниялари бугун бизга нега ишонмоқда? Нега миллиардлаб доллар инвестиция киритмоқда? Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки, ҳамкорларимиз ёшларимизнинг илм-фан, таълим, IT, маданият, санъат ва спортдаги ютуқларини кўриб, салоҳиятимизга баҳо бермоқда, эртанги кунимиз пойдевори мустаҳкам эканига ишонч ҳосил қилмоқда.” Бу сўзлар ёшларимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ва мамлакатга инвестициялар оқимини оширишдаги ҳиссасини яққол кўрсатади.

 

Ёш тадбиркорларнинг хусусий сектордаги салмоғини ошириш, энг аввало, уларнинг иқтисодий тафаккури ва ишбилармонлик мушоҳадаларини юксалтириш билан бевосита боғлиқдир. Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури йил сайин такомиллашиб бормоқда. Бугунги кунда маиший хизмат кўрсатиш, сервис хизмати, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қандолат ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологияларини ривожлантириш, асаларичилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа турли хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантириш соҳаларига катта эътибор қаратилмоқда. Амалга оширилаётган ишларнинг икки муҳим жиҳати эътиборли: биринчидан, ёшларни касбга йўналтириш, ҳар томонлама замонавий, малакали кадрлар сифатида тарбиялаш, иккинчидан, ёшлар бандлиги, уларни иш билан таъминлаш, ўз бизнесларини юритишлари учун қулай шарт-шароит яратиш.

 

Маълумотларга кўра, ёш тадбиркорлар томонидан ташкил қилинган 261 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган. Илгари Тошкент шаҳри пешқадам бўлган бўлса, бугун Тошкент вилояти, Самарқанд, Андижон, Наманган, Фарғона ёшларининг бизнесдаги натижалари пойтахтдан қолишмаяпти. Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Хоразм ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича илғор ҳудудларга айланди.

 

Ёшларни таълим билан тўлиқ қамраб олиш орқали бандликни таъминлаш муҳим ўрин тутади. Замонавий техника ва технологияларни эгаллаган, бозор иқтисодиёти, ҳуқуқий давлат мазмун-моҳиятини тушунган малакали кадрлар эртанги куннинг ҳал қилувчи кучига айланади. Зеро, мамлакатимиз тараққиёти, иқтисодий юксалишида ёшларни ўқишга, ишга жойлаштиришнинг аҳамияти катта. Ёшларни касбга йўналтириш орқали ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олди олинади, шунингдек, ёшларнинг келажакка ишончи мустаҳкамланади.

 

Президент Шавкат Мирзиёев бугунги учрашувда таълим соҳасидаги ютуқларга алоҳида тўхталди: “Ўтган йили юртимиз ёшлари топ-500 талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Билимли ёшларимиз илк бор топ-5 таликдаги олийгоҳларга кириб, тарихий натижа қайд этди. Бугунги кунда 30 нафар ёшларимиз дунёнинг топ-10 талик олийгоҳида, 500 нафари топ-100 ва 1 минг 500 нафари топ-300 дан жой олган нуфузли университетларда таҳсил олмоқда.”

 

Шунингдек, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг ёшлар ўқитилди. Ўтган йили 150 мингдан зиёд ёшларимиз халқаро тил сертификатлари олди, бу 2023 йилга нисбатан 2 баравар кўп. Хорижий тилларни мукаммал билиш бўйича Тошкент шаҳри, Фарғона, Наманган, Бухоро ва Самарқанд ёшлари анча илгарилаб кетди.

 

Жорий йил февраль ойида ўтган учрашувда ёшлар учун 40 дан зиёд янги ташаббуслар эълон қилиниб, қарийб 500 миллион доллар ажратилди. Бу йил 35 миллиард долларлик 8 минг 300 та лойиҳа ишга туширилиб, 292 мингта иш ўрни яратилади. Яна 500 мингта иш ўрни яратадиган 83 миллиард долларлик лойиҳалар режалаштирилган.

 

Президентнинг сўзларига кўра, “Гарвардчилар” мактаби Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида фаолиятини бошлаб юборди. Ушбу халқаро мактабга бу йилги 8-синф битирувчилари орасидан 60 нафар ўқувчи саралаб олинади ва 3 та йўналишда ўқитилади. Миллий дастур асосида ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчи селекция қилиниб, Гарвард, Йель, Колумбия, Корнель каби дунёнинг нуфузли олийгоҳларига тайёрланади. Бундан камида 300 нафари эҳтиёжманд оила фарзандлари бўлади.

 

Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича банк-молия, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва энергетикани устувор йўналиш сифатида белгилаб, 100 та лойиҳа амалга оширилади. “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури ишга туширилмоқда. Шу йилнинг ўзида “AI study” платформаси орқали камида 100 минг ёшларимиз сунъий интеллект технологияларини ўрганади.

 

Стартапларни қўллаб-қувватлашга 145 миллион доллар венчур сармоя киритилган бўлиб, Президент бу рақам 1 миллиард долларга етказилишини айтди. Энди, бу ишлар мактабдан бошланади. Ўқувчилар учун “моҳирлик ва бизнес соати” киритилиб, уларнинг ғоясини стартапга айлантиришга 100 миллиард сўм грант ажратилади. Олийгоҳлар ўртасида ҳам стартаплар бўйича ҳар йили “Энг яхши креатив ғоя” танлови ўтказилиб, ғолибларга олийгоҳ жамғармасидан 300 миллион сўмгача грант берилади.

 

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида: “Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз!” дея таъкидлади.

 

Ёшлар – эртанги кун давомчилари. Ёшлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан бирга мамлакат хавфсизлигининг кафолати ҳамдир.

 

Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида Бизнес-омбудсман девони ҳам доим ёнингизда! Биз сизнинг ҳуқуқларингиз ҳимоячиси сифатида фаолиятингизни янада ривожлантиришингизга кўмаклашишга тайёрмиз.

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

In the conditions of complex economic transformations, if obstacles and restrictions in the activities of entrepreneurs are removed, we will provide them with real assistance

Text to speech
Звуковое сопровождение