June 13, 2025

Сирдарёда пресс-тур ўтказилди – ФОТОРЕПОРТАЖ

 

Бизнес-омбудсман девони бугун, 13 июнь куни Сирдарё вилоятида оммавий ахборот воситалари (ОАВ) вакиллари учун “Миллий брендлар орқали глобал бозорга: Сирдарёда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва бизнес имкониятлари” мавзусида пресс-тур ташкил қилди.

 

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Президентимизнинг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш.

 

Пресс-тур доирасида журналистлар учун алоҳида семинар ҳам ўтказилди. Унда Бизнес-омбудсман институтининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муҳим роли ва унинг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

 

Шундан сўнг Сирдарё вилоятидаги бир қанча тадбиркорлик субъектларига борилади ва уларнинг фаолияти билан яқиндан танишилди.

 

 

Сирдарёдаги муваффақиятли тадбиркорлик лойиҳалари

 

Бугунги пресс-турнинг илк манзили – “WANG DA GROUP” қўшма корхонаси бўлди. Бу корхона Президентимизнинг тадбиркорлар билан илк очиқ мулоқотида муаммоси ҳал бўлган ташкилот сифатида алоҳида эътироф этилди.

 

Корхона 2017 йилдан буён Сирдарёда турли ишлаб чиқариш йўналишларида фаолият олиб боради.

 

2020 йилда металлопрокат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳасини ишга тушириши арафасида индукцион печлардан фойдаланишга қўйилган тақиқ натижасида корхона иқтисодий қийин вазиятга тушиб қолади.

 

2021 йилда Президентнинг тадбиркорлар билан илк очиқ мулоқоти давомида корхона томонидан кўтарилган ушбу масала ижобий ҳал этилди. Тегишли қарорга қўшимча киритилиб, саноат хавфсизлиги талабларини бажарган ҳолда қурилиш учун металл маҳсулотлари ишлаб чиқарган корхоналарга индукцион печлардан фойдаланишга рухсат берилди.

 

Пресс-турнинг навбатдаги манзилидан лавҳалар

 

Пресс-тур доирасида “EURASIA GAZ BETON” корхонаси фаолияти билан танишилди. 2019 йилда ташкил этилган бу корхона Нидерландиядан олиб келинган ускуналар ёрдамида газаблок ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, йилига 450 минг куб газабетон ишлаб чиқариш ва 6 млн долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятига эга.

 

Заводни қуриш жараёни карантин пайтига тўғри келгани сабабли ўз муддатида якунланмаган ва солиқ органлари томонидан 3,3 млрд сўм мол-мулк солиғи ҳисобланган. Бизнес-омбудсман томонидан тегишли масъул ташкилотлар масалага жалб қилиниб, қайта ҳисоб-китоб натижасида мурожаатда қайд этилган ортиқча солиқлар бекор қилинишига эришилган!

 

Табиий газ бўйича ҳисобланган қарздорлик: Бизнес-омбудсманнинг аралашуви билан муаммо ҳал этилди

 

Пресс-турнинг навбатдаги манзилларидан бири “POLY TEX SIRDARYO” МЧЖ корхонаси бўлди. 2011 йилда ташкил этилган ушбу корхона Германия давлатидан олиб келинган ускуналар ёрдамида ип калава маҳсулоти ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Йиллик қуввати 6 минг тонна бўлиб, 8 млн долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятига эга. Корхона 1200 дан зиёд кишини иш билан таъминлаган.

 

Корхона раҳбари газ таъминоти корхонаси томонидан ҳисобланган қарздорликни қайта ҳисоб-китоб қилишда амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.

 

Бизнес-омбудсман томонидан масалага тегишли масъул ташкилотлар жалб қилинди. "Ҳудудгаз Сирдарё" газ таъминоти филиали томонидан МЧЖга қарашли пахтани қабул қилиш ва ип калава ишлаб чиқариш муассасасида сарфланган табиий газ бўйича ҳисобланган қарздорликни қайта ҳисоб-китоб қилиб берилиши таъминланди.

 

Сайхунобод тажрибаси: камбағалликдан чиқиш йўлида муҳим қадамлар

 

Пресс-тур якунида Сайхунобод туманининг аҳолини камбағалликдан чиқариш борасидаги муҳим тажрибаси билан танишилди. Ўтган йили март ойида давлат раҳбарининг Сайхунободга ташрифида берилган топшириқлар асосида, бу ерда янгича ёндашув жорий этилди.

 

«1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад» мезони асосида аҳоли учун бизнес режалар ишлаб чиқилди.

 

Иссиқхоналар ташкил этилиб, талаб юқори бўлган маҳсулотлар етиштириш йўлга қўйилди.

 

Паррандачилик ва бошқа кичик бизнес лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Пресс-тур иштирокчилари хонадонлар томорқасидаги иссиқхоналар ва паррандачилик объектларига ташриф буюриб, амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар. Бу тажриба аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

In the conditions of complex economic transformations, if obstacles and restrictions in the activities of entrepreneurs are removed, we will provide them with real assistance

Text to speech
Звуковое сопровождение