
1 июнь – Халқаро болалар куни
1 июнь – Халқаро болалар куни муносабати билан болалар учун товар ва ҳизматлар кўрсатувчи тадбиркорлар учун қонунчиликда берилган имтиёзлар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳлари, шунингдек санаторий-курорт ҳамда соғломлаштириш муассасаларига ўз ходимларининг 16 ёшгача болалари (ўқийдиганларга — 18 ёшгача) учун йўлланмалар қийматини тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари, тадбиркорларнинг ўз даромадидан ходимларига ҳамда уларнинг болаларига амбулатория ва (ёки) стационар тиббий хизмат кўрсатилганлиги учун иш берувчи томонидан тўланган суммалар, бу даромадлар солиқ солишдан озод қилинади.
Тадбиркорлар томонидан болалар дам олиш оромгоҳларида кўрсатиладиган ҳизматлар, мактабгача таълим ва тарбия дастурлари доирасида таълим ва тарбиялаш фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларда болаларга қараш ва уларни парваришлаш бўйича хизматларни, тўгаракларда, секцияларда (шу жумладан спорт секцияларида) ва студияларда вояга етмаган болалар билан машғулотлар ўтказиш бўйича хизматлар, мактабгача таълим ташкилотларида болаларга қараш бўйича хизматлар айланма солиқ солишдан озод этилади.
Касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари даврда ташкил этиладиган дам олиш уйларининг ва дам олиш зоналарининг мазкур йўналишдаги хизматларни кўрсатишдан олган фойдаси 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғидан озод қилинади.
Болалар-соғломлаштириш оромгоҳлари эгаллаган ерлар Солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига киради.
2025 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январга қадар болалар учун мўлжалланган контентлар яратишдан олган даромади жами йиллик даромадининг камида 80 фоизини ташкил этган юридик шахслар фойда солиғи тўлашдан озод қилинади, ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди, юридик шахсларга болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш билан боғлиқ бўлган харажатларини фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади;
юридик шахслар томонидан болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш учун бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғи солиқ ҳисоботлари тақдим этилгандан кейин Давлат бюджетидан уларга тўлиқ миқдорда қайтарилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига Болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар ҳамда Оилавий болалар уйини ташкил этиш ва фаолиятини юритиш, Уй шароитида болалар ўйинчоғи ишлаб чиқариш ҳамда ясси оёқли болалар оёқ кийимларини тайёрлаш хам киритилган.
Қонунчиликка кўра, ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматини ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларга субсидия ажратиш ва компенсация тўлаш тартиби белгиланган бўлиб, маълум бир шартлар асосида тадбиркорларга субсидиялар ажратилади.