Sept. 10, 2024

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ер участкаларини сотиб олиш ва ижарага олиш шартлари янада қулайлаштирилди

“Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда ер ресурсларининг инвестициявий имкониятларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-135-сон, 06.09.2024 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижара ҳуқуқи асосида сотиб олиш қийматини қуйидаги шартларда ҳар ойда тенг улушларда, қолдиқ суммага Марказий банкнинг асосий ставкасида фоиз ҳисоблаган ҳолда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади:

Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида – 3 йил давомида камида 35 фоиз миқдорида дастлабки тўловни 15 иш кунида амалга ошириш шарти билан;

бошқа аҳоли пунктларида – 5 йил давомида, 4- ва 5-тоифалардаги туманларда эса 10 йил давомида камида 15 фоиз миқдорида дастлабки тўловни 15 иш кунида амалга ошириш шарти билан.

Шунингдек, барча турдаги ер участкаларининг қиймати 15 иш кунида тўлиқ тўланган тақдирда, жами суммага нисбатан 20 фоиз чегирма берилади.

Жойлардаги ҳокимликларга саноат зоналари, аҳоли пунктлари ҳудудларининг қисмлари, хусусан, янги барпо этиладиган кўп квартирали ва якка тартибдаги уй-жой массивлари, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш ишларига белгиланган шартларга мувофиқ лойиҳа ташкилотларини энг яхши таклифларни танлаш асосида жалб қилиш ҳуқуқи берилади.

Фармонга кўра, хусусий инвесторлар ташаббуси билан янги массивларни барпо этишда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар белгиланган асосий шартларга мувофиқ расмийлаштирилади.

Бунда, хусусий инвесторга тегишли ер участкалари ҳамда улар оралиғида жойлашган кўп квартирали уйларга туташ ерлар ва умумий фойдаланишдаги ерлар Кўчмас мулкни бирлаштириш ва унинг янги чегараларини белгилаш далолатномаси асосида ягона ер участкасига бирлаштирилади.

Белгиланган ҳолларда янги массивлар, қоида тариқасида, бўш турган ер участкалари ўрнида ташкил этилади, бунда лойиҳа янги массив ҳудудидаги ер участкаларини давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказиладиган ягона ер участкасига бирлаштириш орқали амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини мулк ҳуқуқи, ижара ҳуқуқи ва доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан янгидан ажратишда белгиланган асосий шартлар асосида мазкур ер участкасида бино ва иншоотларни лойиҳалаш, қурилишни бошлаш ва якунлаш ҳамда объектни фойдаланишга топшириш муддатлари мажбурий равишда кўрсатилади.

Янги реализация қилинган ер участкаларига нисбатан объектни фойдаланишга топшириш даврига тенг бўлган, бироқ 3 йилдан кўп бўлмаган муддатда ер солиғи ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланади.

 

Фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан:

ер фондининг барча тоифалари ва ер турлари, шу жумладан, олдиндан мавжуд ва янгидан ажратиладиган ер участкалари учун ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари жорий этилади;

ер участкасидан рухсат этилган фойдаланиш тури Ҳукумат томонидан тасдиқланадиган Ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари ва капитал қурилиш объектларининг ягона классификаторига мувофиқ асосий, шартли равишда рухсат берилган ва ёрдамчи турларда белгиланади;

шартли рухсат этилган фойдаланиш тури учун рухсатнома олишга Ҳукумат томонидан белгиланадиган тартибда ижтимоий ва инфратузилма объектларига қўшимча юкламани компенсация қилиш шарти билан йўл қўйилади;

бунда ушбу тўловлар Тошкент шаҳрида 2027 йил 1 январгача ҳуқуқий эксперимент доирасида киритилган қурилиш ҳажмининг ҳар бир куб метри учун ундириладиган тўловлар шаклида олинади;

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича) ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича) рухсат этилган фойдаланиш турини белгилаш ва ўзгартириш масалаларида ваколатли органлар ҳисобланади.

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

Any economic progress depends on the development of private ownership, entrepreneurship and private sector.

Text to speech
Звуковое сопровождение