Sept. 10, 2024

Тадбиркорлар учун янги имкониятлар: Ўзбекистонда товарлар эркин ҳаракатланади

Бугун, 10 сентябрь куни АОКАда Бизнес-омбудсман девони Ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда тадбиркорлик эркинлигини кенгайтириш ва мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қабул қилинган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Хабарингиз бор, амалиётда товарларни бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга олиб ўтишда тадбиркорлар сунъий тўсиқларга дуч келган ҳолатлар учраб турар эди.

Масалан, ҳар йилги мева-чева пишиқчилик даврида маълум бир ҳудудда рўйхатдан ўтган экспортчи корхоналар турли меваларни қўшни ва бошқа хорижий давлатларга экспортини амалга ошириш учун турли вилоятлардан харид қилиб, корхона жойлашган божхона постлари орқали экспортни амалга оширишни режалаштирган вақтда юк автотранспорт воситалари асоссиз тўхтатилиб, уларга маҳсулот сотиб олинган вилоятда давлат рўйхатидан ўтишлари ва ушбу вилоятдан экспортни амалга ошириш талаби қўйилган ҳолатлар ёки бўлмаса чигит маҳсулотини маълум бир ҳудуддан бошқасига олиб ўтилганда чиқармай туриш ҳолатлари учраб турар эди.

Бундай ҳолатларда тадбиркорларнинг муаммоси жойида ўрганилиб, бартараф этилган бўлса-да, бундай вазиятлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида қонунчилик базасини такомиллаштириш талаб этилаётган эди.

Бош қомусимиз бўлган Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясида акс этган нормалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 29 август куни айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи ЎРҚ-950-сон Қонун қабул қилинди.

Қонунга кўра, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ҳам қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Мазкур ўзгартириш тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг, ушбу субъектлар давлат рўйхатидан ўтган ҳудуддан қатъи назар, Ўзбекистон ҳудудида эркин ҳаракатланишига доир ҳуқуқи таъминланишини белгилаб берди.

Бунинг натижасида экспорт соҳасидаги тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратилиб, иқтисодий маконда бирликни таъминлашга эришилади.

 

Шу билан бирга, юртдошларимиздан агарда амалиётда маҳсулотларнинг Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишида муаммоларга дуч келишса, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилишлари сўралади.

Бундан ташқари, хабарингиз бор, жорий йилнинг 20 август куни давлатимиз раҳбарининг Нукус шаҳрида тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йил 30 август куни ПФ-132-сонли Президент Фармони имзоланди.

Фармон билан Бизнес-омбудсманга ҳам бир қатор масъул давлат органлари билан биргаликда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

 

Хусусан,

Тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиб туриш учун асос бўладиган мезонларни белгилаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси;

Тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқларини янада кучайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси;

Солиқ соҳасида низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси;

Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳаси;

Тадбиркорлик субъектлари учун битта ҳуқуқбузарлик бўйича битта жавобгарликни белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси.

Бизнес-омбудсман томонидан ушбу топшириқлар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида келгусида батафсил маълумот бериб борилади.

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

In the conditions of complex economic transformations, if obstacles and restrictions in the activities of entrepreneurs are removed, we will provide them with real assistance

Text to speech
Звуковое сопровождение