Мазкур пресс-тур Қорақалпоғистон Республикасидаги тадбиркорларнинг ютуқларини намойиш этиш ва Бизнес-омбудсманнинг маҳаллий тадбиркорлар ҳаётини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларини омма эътиборига ҳавола этиш учун ўзига хос майдон вазифасини ўтади.
Жорий йилнинг 13 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девони ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил этиш, шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда Бизнес-омбудсман девони ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари, шунингдек, ОАВ ходимлари, журналистлар ва фотомухбирлар иштирок этдилар.
Пресс-тур давомида Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди. Журналистлар бир нечта тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Дастлаб пресс-тур доирасида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Бизнес-омбудсман ўринбосари Жамшид Урунов, вакил девони ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Учрашувда Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик жараёнлари, шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр алмашинди.
Пресс-тур “Amudaryo tomorqa xizmat klasteri” МЧЖ фаолияти билан танишишдан бошланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланадиган жамият 2018 йилда ташкил қилинган бўлиб, ҳозирги кунда 25 та доимий, 50 та мавсумий ишчиси меҳнат қилмоқда.
Бизнес-омбудсман девони томонидан тадбиркорнинг субсидия олиш бўйича туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига электрон шаклда юборган аризаси назоратга олиниб, туман ишчи гуруҳининг жамиятга субсидия ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижобий хулоса олиниши таъминланди.
ОАВ вакиллари учун Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган пресс-турнинг иккинчи манзили "INDIGO NUKUS" МЧЖ бўлди.
Журналистлар "INDIGO NUKUS" МЧЖнинг "Golden kids" хусусий боғчаси фаолияти билан танишдилар.
«Бизнес-омбудсман 7 йиллик кредитини 10 йилга узайтиришда ёрдам берди», – деди боғча мудираси Гулхан Телевниязова.
Сўнгра ОАВ вакиллари Кегейли туманида жойлашган "Kegeyli Tex Group" МЧЖ фаолияти билан танишдилар.
2024 йилда ўз фаолиятини бошлаган корхона йилига 3 миллион дона кийим-кечак ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларнинг асосий қисми Қозоғистон ва Россияга экспорт қилинади. Жорий йилда корхона 504 минг долларлик экспорт ҳажмига эришди ва ички бозорда 1 миллиард 200 миллион сўмлик маҳсулот сотди.
"Kegeyli Tex Group" МЧЖ да 120 дан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда. Йил якунига қадар 500 га яқин янги иш ўринларини яратиш режалаштирилмоқда.
Бизнес-омбудсман девони томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган пресс-тур Нукус шаҳридаги "Nitsa Nukus" масъулияти чекланган жамиятига ташриф билан якунланди.
Бугунги кунда 25 нафар маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаган тадбиркорлик субъекти туризм соҳасида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Пресс-тур доирасида "Nitsa Nukus" жамияти фаолияти, туризм соҳасидаги имкониятлар ва ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Жамият тадбиркорлик фаолияти давомида ер солиғи билан боғлиқ масалага дуч келган. Бизнес-омбудсман ёрдамида тўрт баравар миқдорида ҳисобланган солиқ бекор қилинган.
Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Бизнес-омбудсман девони томонидан амалга оширилаётган ишлар
Қорақалпоғистон Республикасида 2024 йилнинг 1-ярмида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 48,9 мингтани ташкил этди. Улардан 27,4 мингтаси хўжалик юритувчи субъектлар (юридик шахслар), 25,5 мингтаси якка тартибдаги тадбиркорлардир.
Вакил девонининг Қорақалпоғистон Республикаси шуъбаси томонидан 2024 йилнинг 6 ойи мобайнида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, тадбиркорлардан 261 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг қарийб 80 фоизи қаноатлантирилган.
"Тадбиркор виртуал офиси" ахборот портали орқали 100 та мурожаат келиб тушган, 86 таси кўриб чиқилган.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 97 та таъсир чораси қўлланилди, шундан 534 млн сўмлик 4 та даъво аризаси, шикоят, 2 та тақдимнома, 2 та хулоса ва 80 та маъмурий чора кўрилди.
Тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчилик ижроси бўйича 4 та назорат органида ўрганишлар ўтказилди. 204 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, 4 нафар мансабдорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.