July 8, 2024

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти олдидан

 Бизнес-омбудсман Дилмурод Касимовнинг «Янги Ўзбекистон» газетасида «Ишонч, рағбат, ҳуқуқий кафолат. Янги Ўзбекистон ишбилармонларини илҳомлантираётган куч» номли мақоласи чоп этилди. Мақоланинг тўлиқ матни эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.


Ишонч, рағбат, ҳуқуқий кафолат. Янги Ўзбекистон ишбилармонларини илҳомлантираётган куч

 

Иқтисодиётни муваффақиятли ривожлантириш йўлини танлаган мамлакат борки, хусусий секторни тартибга солишда давлат ролини камайтириш, бозор механизмларининг самарали ишлаши учун шароитлар яратиш ва эркин рақобатни таъминлашга интилади. Ўзбекистон ана шундай давлатлардан бири. Бу юртимизнинг кейинги етти йилда бозор иқтисодиётига ўтиш, қулай бизнес муҳитини яратиш, аҳоли орасида тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда инвестицияларни жалб этишдаги фаоллигида яққол кўриняпти.

Энди, ишбилармонлик маълум доира вакиллари эмас, балки оддий халқ орасида оммалашаётган катта тармоққа айланди. Мамлакатимизда яратилган бизнес муҳити барчага тенг икониятлар бермоқда. Қулай тадбиркорлик шароитлари шаклланиб, Ўзбекистон ишбилармонлар юртига айланиб бораётгани амалий натижаларда ҳам акс этяпти.

Айниқса, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти дунё тажрибасида деярли ўхшаши йўқ механизмдир. Гап шундаки, мамлакатимиз Президентининг бизнес вакиллари билан ўтадиган учрашуви шунчаки мулоқотга асосланмайди, балки соҳадаги муаммолар ўртага ташланиб, аниқ ечимлар берилади. Масалан, 2021 йилда бўлиб ўтган илк очиқ мулоқот натижалари бўйича 57 та, 2022 йилда 55 та, ўтган йили эса 56 та ташаббус илгари сурилиб, ўзининг ижобий ечимини топди. Қабул қилинаётган фармон ва қарорлар бизнес эгаларининг фаолиятига енгиллик бериб, иш ривожига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Муҳими, бугун тадбиркор давлат ҳимоясида ва унинг фаолиятига ҳеч ким аралаша олмайди, тўсиқ қўёлмайди. Бунинг учун ҳуқуқий асослар ҳам яратилиб бериляпти. Барқарор иқтисодий ўсиш ва ривожланишга интилаётган Ўзбекистон тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида салмоқли қадамлар қўймоқда. Жумладан, сўнгги йилларда мамлакатда бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган 3 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бу йўналишдаги улкан ислоҳотларга қадам 2017 йилдан бошлангани кўпчиликнинг ёдида. Боиси, ўша вақтда тадбиркорликка давлатнинг назорат функцияларини камайтириб, бизнес юритишни эркинлаштириш борасидаги ҳаракатларга аксарият одамлар ишонмаган эди. Аммо қисқа фурсатларда тадбиркорлар фаолиятига ғов бўлиб келган барча тўсиқлар босқичма-босқич бартараф этилди. Ишбилармонларга нисбатан жазо чораларини либераллаштириш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашув имкониятларини йўқотиш, хорижий давлатлар билан яқин дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш, экспорт-импорт жараёнларини соддалаштириш — буларнинг бари бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, соҳани фаол кенгайтириш учун катта рағбат берди. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги режадан ташқари текширишларнинг барча турлари, жумладан, жиноят ишлари бўйича қарши текширувлар бекор қилинди. Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширувларга мораторий қўйиш механизми жорий этилди ва у ҳозирги кунда ҳам фаол қўлланилмоқда.

Натижада оддий одамлар орасида ҳам кичик ва ўрта бизнес вакиллари кўпайди. Соҳада ишлашга бўлган қизиқиш ва ишонч ортди. Энди тадбиркорликка қўрқув билан эмас, балки катта мақсад ва лойиҳалар билан кириб бориляпти. Соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаб, ҳар томонлама кўмак берадиган ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилди. 2017 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Бизнес-омбудсман шулардан бири. Президентга ҳисобдор бўлган ушбу орган мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантиришдаги турли тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритади. Бу таклифлар бевосита бизнес вакилларининг мурожаатлари, кўтараётган муаммолари асосида тайёрланади ва тақдим этилади.

Очиқ мулоқот — кўплаб муаммоларни ҳал этиш калити

Ҳар бир тадбиркор учун ўз фаолиятида қийинчилик ёки тўсиқларга дуч келганда, тингланилиши муҳимдир. Айниқса, муаммо давлат органлари аралашувини талаб қилса долзарблик янада ортади. Табиийки, давлатнинг иқтисодий ривожланиши шароитида бизнес учун қийинчиликлар туғдирадиган муаммолар учраб туради. Уларнинг баъзилари юқори ҳокимият органлари томонидан тезкор аралашувни талаб қилади. Ҳар йили август ойидаги Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти айнан шундай вазиятларда ечим бўлиб ҳизмат қилмоқда. Ишбилармонлар бевосита давлат раҳбари билан мулоқот қилиб, муаммо ва таклифларини билдиряпти, уларга ечим оляпти.

Очиқ мулоқот доирасида ҳудудлар кесимида учрашувлар ўтказиш орқали ҳар бир тадбиркорга тингланиш имконияти берилади. Энг долзарб ва асосли таклифлар таҳлил қилингандан сўнг, тегишли қарорлар қабул қилиш учун давлат раҳбарига етказилади. Бундан ташқари, очиқ мулоқот кунида ҳам юзлаб тадбиркорларнинг таклиф ва шикоятлари тингланади.

Ўтган уч йил давомида очиқ мулоқотлар чоғида тадбиркорлардан 33 мингдан ортиқ мурожаат ва таклифлар келиб тушди. Мулоқотлар якунида тадбиркорликни ривожлантиришдаги тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, уни янада ривожлантиришга қаратилган 150 дан ортиқ ташаббуслар илгари сурилди. Масалан, 2021 йилдаги ташаббусларнинг аксарияти пандемия оқибатларини юмшатиш, солиқ ва божхона имтиёзларини узайтириш ҳамда солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича кечиктириш беришга қаратилган эди. 2022 йилдаги мулоқот эса турли йўналишларда бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш ташаббуслари билан ажралиб турди. Жумладан, ҚҚС фоизларини 12 фоизга тушириш, ҚҚСни қайтариш муддатини 7 кунгача қисқартириш, 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган айланмадан олинадиган солиқ ўрнига 4 фоиз миқдорида ягона солиқ ставкасини жорий этиш каби солиқ ислоҳотлари амалга оширилди. Бундан ташқари, ер участкалари ёки мол-мулкни ажратиш тўғрисидаги қарорни фақат суд тартибида бекор қилиш тартибининг жорий этилиши тадбиркорлар ҳуқуқларини таъминлаш механизмларини кенгайтириб берди.

Очиқ мулоқотнинг кўлами ҳам, қамрови ҳам йилдан йилга ортиб боряпти. Ҳар йилги учрашув катта ислоҳотларнинг бошланиши билан ажралиб турибди. Хусусан, ўтган йилги очиқ мулоқот якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Кенгаш йиғилишлари ҳар ойда ўтказилиб, уларда бугунги кунга қадар 48 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилди.

Ушбу мулоқот учрашувининг ўзига хос жиҳатларидан яна бири — тадбиркорликни молиялаштириш механизмлари тубдан қайта кўриб чиқилиб, “Бизнесни ривожлантириш банки”, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамиятлари ташкил этилди. Қолаверса, кўплаб тадбиркорларни қийнаб келган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган солиқ ислоҳотлари жорий қилинди. Очиқ мулоқотда белгиланган вазифалар ва уларнинг натижадорлиги доирасида 23 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Бу йилдан юртимизда Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилиши ҳам соҳадаги катта қадамлардан бири бўлди. Рейтинг тизими тадбиркорларни ўз фаолиятини яхшилаш ва юқори рейтингга эришиш учун интилишга ундамоқда. Рейтингда юқорилаётган тадбиркор эса бир неча мезонларда янада яхшироқ кўрсаткичларга эришганини англатади. Юртимизда бундай ишбилармонлар, корхоналарнинг кўпайиши иқтисодий ўсишга хизмат қилади.

Тадбиркорлар кутаётган кун

Мамлакатимиз ўз олдига 2027 йилга бориб хусусий секторнинг ЯИМдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш каби улкан мақсадларни қўйган. Бунинг учун ташланаётган қадамлар ҳам шунга монанд.

Бизнес соҳасини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган тезкор қадамлар “Ўзбекистон —2030” стратегиясида ҳам мустаҳкамланган. Маҳаллий хомашё базасидан самарали фойдаланиш ва илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш, монополия соҳаларини босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказиш, иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш, тадбиркорларнинг эркин фаолияти учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш долзарб мавзу бўлиб қолмоқда.

Бундан ташқари, яқин келажакда расмий сектор ноқонуний фаолиятга нисбатан афзал ва фойдалироқ бўлиши учун солиқ тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва соддалаштириш, шунингдек, барча тадбиркорлар учун тенг имкониятлар яратиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай бўлган соддалаштирилган ва ихчам қонунчилик тизими яратилади.

Аҳамиятлиси, соҳадаги барча ўзгариш ва янгиланишларда бугун бизнес вакилларининг ўзи бевосита иштирок этяпти. Жорий йил илк бор Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтадиган Президентимизнинг тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқотига тайёргарлик жараёнларида ҳам бунга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ишбилармон доира вакиллари ушбу кунни интизорлик билан кутар экан, ўз таклиф ва ташаббусларини фаол тарзда билдирмоқда. Уларнинг ечимлари ва белгиланадиган вазифалар, бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича эълон қилинадиган янги ташаббуслар соҳа ривожида навбатдаги муҳим қадамлардан бўлиши кутилмоқда.

Дилмурод КАСИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

An important aspect of the current reforms is not to find the shortcomings of entrepreneurs and punish them, but to teach them how to properly organize their work

Text to speech
Звуковое сопровождение