June 10, 2024

Тадбиркорларни ҳимоя қилиш борасида 10 га яқин халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган

 Бугун, 10 июнь куни АОКАда Бизнес-омбудсман девони Ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Бизнес-омбудсман томонидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида 10 га яқин халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Жорий йилда мазкур халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, 28-29 май кунлари Бизнес-омбудсман томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда Самарқанд ҳамда Бухоро вилоятларида “Ижтимой тадбиркорлик иқтисодий ривожланиш ва гендер тенглигини таъминлаш омили сифатида” мавзусида давра суҳбатлари ташкил этилди.

Мазкур тадбирларда 60 дан ортиқ маҳаллий ишбилармонлар, тадбиркорлик уюшмалари ва бирлашмалари, шунингдек, бир қатор хорижий ва халқаро ташкилотлар экспертлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда давлат идоралари вакиллари иштирок этди.

Тадбир аёлларнинг ҳуқуқий билимини янада кенгайтириш, улар орасида ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий ишбилармонларни бошпана ва инқироз марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга жалб этиш мақсадида ташкил этилди.

Давра суҳбатида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича халқаро тажриба, бизнес бошлаш учун хотин-қизларимизга мамлакатимизда берилаётган имтиёзлар, молиявий мустақилликнинг зўравонликдан ҳимояланишнинг кафолати сифатидаги ўрни ва бошқа бир қатор мавзулар муҳокама қилинди.

Хусусан, мамлакатимизда тадбиркор аёллар учун белгиланган имтиёзлар, улардан фойдаланиш тартиби, Осиё тараққиёт банки томонидан кичик ва ўрта бизнесни ҳамда тадбиркор аёлларнинг молиявий инклюзивлигини таъминлаш механизмлари, шунингдек, аёл тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Бизнес-омбудсман ваколатлари тўғрисида бир қатор маълумотлар бериб ўтилди.

Давра суҳбатини ёритиш учун 10 га яқин марказий ва ҳудудий ОАВ жалб этилди.

Қолаверса, йил якунига қадар халқаро ташкилотлар билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор тадбирларни ўтказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда Озарбайжон, Қирғизистон, Польша, Германия ва Финляндия давлатларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ҳудудларда тадбиркор хотин-қизларнинг иштирокини кучайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали доимий даромад билан таъминлаш, Бизнес-омбудсман девони моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

In the conditions of complex economic transformations, if obstacles and restrictions in the activities of entrepreneurs are removed, we will provide them with real assistance

Text to speech
Звуковое сопровождение