June 3, 2024

Давлатимиз раҳбари соҳа вакиллари ва тадбиркорлари билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини эшитди

Бугун, 3 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ва соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот бўлиб ўтди.

 

Давлатимиз раҳбари ҳозирги мураккаб геосиёсий ва иқтисодий вазиятда туризм каби янги иш ўрни яратадиган, инвестиция ва экспортни кўпайтирадиган соҳаларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.

 Мамлакатимиз туризм соҳасида ана шундай ишга солинмаган салоҳият борлиги, куни-кеча Ислом ҳамкорлик ташкилоти Туризм кенгашига раислик қилиш ваколати Ўзбекистонга ўтгани ҳам катта имконият экани кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан мутасаддилар ва ҳокимлар соҳадаги тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоларни, фикр ва таклифларини ўрганиши, улар билан бамаслаҳат иш тутиши муҳимлиги таъкидланди.

Шаҳрисабзда туризм кластерини ташкил этиш доирасида 2025 йилда Ғелондан ўтувчи Оқсу дарёсида қуввати 24 мегаваттли 3 та ГЭСни ишга тушириш режалаштирилган.

Мутасаддиларга экстремал туризмни ривожлантириш дастурини қабул қилишга топшириқ берилди.

Охирги йилларда пойтахтда “Тошкент сити”, “Тошкент молл”, “Мэджик сити”  каби туризм масканлари барпо этилди. Бу мажмуаларга йилига 4 миллиондан зиёд одам ташриф буюряпти, уларнинг 35 фоизидан кўпи хорижий туристлар.

Мутасаддиларга аквапарк ва бассейнлар ташкил этиш бўйича лойиҳаларни кўпайтириш, кўллар бўйича мастер режа ишлаб чиқиб, атрофини лотларга бўлиб, тадбиркорларга таклиф этиш топширилди.

Илғор хорижий тажриба асосида “Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги” дастури бошланиши эълон қилинди.

 

Давлатимиз раҳбари соҳа вакиллари ва тадбиркорлари билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини эшитди. Жумладан, мулоқотда:

- туризм хизматлари кўрсатувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш;

- туроператорларни маданий мерос объектлари ва темир йўл чипталари нархларидаги ўзгаришлар тўғрисида олдиндан хабардор қилиш;

- меҳмонхона бошқарувчиларини тайёрлаш ва меҳмонхона қуришга субсидиялар доирасини кенгайтириш;

- пенсия ёшидаги туристларга алоҳида виза тартибини жорий этиш;

- тарихий шахсларнинг уй-музейларини реставрация қилиш каби масалалар кўтарилди, таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

 

Давлатимиз раҳбари билдирилган фикр ва таклифлардан келиб чиқиб, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига:

- хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатган туроператорларга қўшилган қиймат солиғини субсидия сифатида қайтариш муддатини узайтириш ва уни қўллаш тартибини аниқ белгилаш;

- туризм компанияларига айланма маблағ учун экспортолди молиялаштиришни йўлга қўйиш;

- туристларга мўлжалланган, янги ишлаб чиқарилган “Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига тўғри келадиган автобус ва микроавтобусларни божхона божи ва утилизация йиғимидан озод этиш муддатини узайтириш;

- сўнгги 3 йилда ташкил топган туркомпанияларга халқаро кўргазмалардаги павильон ижараси харажатини 50 фоизини қоплаб беришни йўлга қўйиш;

- халқаро фестивалларда қатнашадиган ҳунармандларга павильон, юклар ва авиачипта харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш тизимини йўлга қўйиш юзасидан таклиф киритишни топширди.

 

Шунингдек, тадбиркорлар томонидан илгари сурилган:

- мактаб ва коллеж ўқувчилари автобусда бир вилоятдан бошқасига саёҳат қилишида йўл-патруль хизмати ҳамроҳлиги учун тарифларни кескин камайтириш;

- ҳар йили камида 20 та ўрта бўғин менежерларини хорижда қисқа муддатли малака оширишга юбориш, янги ўқув йилидан туризм соҳасидаги олийгоҳ ва техникумларда “дуал таълим”ни жорий қилиш;

- 3-4 қаватли меҳмонхоналарга ҳам субсидия бериш, меҳмонхонаси бўлмаган 22 та туманда кичик отеллар барпо этишга оилавий хоналар сонидан келиб чиқиб субсидия ажратиш;

- халқаро тажриба асосида миллий меҳмонхона брендларини яратиш ташаббусларини ўрганиб, тегишли чораларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

In the conditions of complex economic transformations, if obstacles and restrictions in the activities of entrepreneurs are removed, we will provide them with real assistance

Text to speech
Звуковое сопровождение