June 1, 2024

Видеоселектор йиғилишида тадбиркорликка кўмаклашиш масалалари кўриб чиқилди

Бугун, 1 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Бухорода ҳам сўнгги йилларда катта ўзгаришлар бўлганини қайд этди.

Жумладан, вилоят иқтисодиёти 1,5 баробар ўсиб, 53 триллион сўмдан ошди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишда 115 триллион сўм инвестиция жалб қилинди, 4,6 мингта корхона ишга тушиб, 90 мингта иш ўрни яратилди.

Экспорт 215 миллион долларга етди, Қоракўл, Жондор, Шофиркон ва Когон туманларининг ҳар бирида саноат ҳажми йилига 1 триллион сўмдан ошди.

Йиғилишда аҳоли даромадларини ошириш ва тадбиркорликка кўмаклашиш масалалари кўриб чиқилди.

Вилоятда бу ой 21,5 минг битирувчи меҳнат бозорига кириб келади. Уларни ва ишсиз, кам даромадли аҳолини иш ва даромад манбалари билан таъминлаш – стратегик вазифа.

Янги тайинланган вилоят раҳбарлари тадбиркорга ёрдам бериб, Бухорони камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш шартлиги ҳақида огоҳлантирди.

Бухорода кичик бизнесга бу йили 5,9 триллион сўмга қўшимча яна 2,1 триллион сўм кредит ажратилиши эълон қилинди. Туризм ва сервис учун яна 100 миллион доллар алоҳида ажратилади.

Бухорода одамларни ишли қиладиган катта имконият – саноат зоналари.

Илғор хорижий тажриба асосида Когон туманида 1 минг гектарда йирик саноат мажмуаси барпо қилинмоқда. Биринчи босқичда 300 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади.

Бу – вилоят иқтисодиётига йилига 250 миллион доллар қўшилган қиймат, 2 мингта иш ўрни, 250 миллиард сўм солиқ тушуми ва 100 миллион доллар экспорт беради.

Янги мажмуа тажрибасини, жалб қилинган мутахассислар билимини бошқа саноат зоналарига татбиқ қилиш кераклиги айтилди.

Мутасаддиларга саноат зоналари бўйича имтиёз ва шароитлари жозибадор бўлган янги қонунлар пакетини киритиш топширилди.

Шунингдек, вилоятда электротехника, заргарлик, қурилиш материаллари, кончилик, йўл қурилиши, меҳмонхона соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳаларни тезлаштириш, инвесторларга ҳар томонлама кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди.

Бухоро туманида қурилиши бошланган нефть-кимё кластери ишга туширилса:

- импорт бўлаётган бензол, олефин, ароматик углеводород, нафтадан пентан ва гексан эритгичлари ишлаб чиқарилади;

- вилоят саноатига 4,5 триллион сўмлик қўшилган қиймат ва 600 та юқори даромадли иш ўрни яратилади;

- экспорт 130 миллион долларга ошиб,  йилига 300 миллиард сўм солиқ тушуми пайдо бўлади.

Президентимиз йиғилиш айнан Ғиждувонда бўлаётгани бежиз эмаслигини таъкидлади.

Сўнгги йилларда туман саноати 2 карра ўсиб, 2 триллион сўмдан ошди, вилоятдаги улуши эса тўртинчи ўриндан учинчига кўтарилди.

Шу вақт ичида 2 мингдан зиёд янги тадбиркор иш бошлаб, 2010-2016 йилларга қараганда 4 баробар ўсган.

Шу билан бирга, Ғиждувонга инвестиция киритиш, саноатда юқори даромадли иш ўринлари яратишдаги энг катта муаммо, бу – электр таъминоти ва темир йўл инфратузилмаси.

Ғиждувон иқтисодий зонасида бу масалалар ҳал қилинса, тадбиркорлар 340 миллион долларлик 100 та лойиҳани бошлаб, 10 минг аҳолини ишли қилмоқчи.

Мутасаддиларга 20 та маҳалладаги бўш ерда ишлаб чиқариш иншоотларини қуриб, 400 та оилага тадбиркорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш ва 2 минг иш ўрнини расмийлаштириш топширилди.

Вилоятдаги энг йирик тўқимачилик корхоналаридан бири – “Парвоз ҳумо” корхонаси матони бўяш ва тайёр кийим-кечак цехларини ишга туширмоқда.

Тадбиркор 10-11-синф ва коллеж ўқувчиларига дарсдан сўнг касб ўргатиб, 2 миллион сўмгача ойлик тўлаш, бепул тушлик ва текин автобус билан таъминлаш таклифини билдирган.

Бундан ташқари, тадбиркор тумандаги 2-сон касб-ҳунар коллежига корхона цехларидан “амалий мономарказ” сифатида фойдаланишга, Бухоро муҳандислик-технология институти кафедрасини корхона ҳудудида жойлаштириб, ҳам ўқитувчиларга, ҳам талабаларга шароит қилиб беришга тайёр.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорнинг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлади ва мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

“Бухоро Агро” кластери эса 14 та маҳаллада касаначилик асосида 1 минг нафар аёлни ишли қилиш ташаббусини билдирган.

 “Ғиждувон Машҳураси” корхонаси тошдан мрамор қопламалари чиқариб, Францияга экспорт қилмоқда. Тадбиркор ишлаб чиқаришни кенгайтириш ниятида.

“Дўстлик Омад Барака Файз” ва “Бухоро Дон Захира Инвест” корхоналари йирик чорва комплексларини ишга туширмоқчи.

 

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

Any economic progress depends on the development of private ownership, entrepreneurship and private sector.

Text to speech
Звуковое сопровождение