May 16, 2024

«Термиз халқаро савдо маркази»да хорижий валюталарда савдо қилишга рухсат берилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

 

Унга кўра, Марказ ҳудудида фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган тадбиркорлик субъектларига Афғонистон Ислом Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун тасдиқнома олмасдан меҳнат шартномалари асосида ишга қабул қилишга рухсат берилади.

 

Афғонистон Ислом Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси фуқароларига савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш учун мўлжалланган бино ва иншоотларни ижарага олиш, шунингдек, истисно тариқасида, мулк ҳуқуқи билан сотиб олиш ҳуқуқи берилади. Бунда ер участкасига бўлган ҳуқуқ қонунчиликда белгиланган тартибда ижара ҳуқуқи асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.

 

Улгуржи ва чакана савдода тўлов воситаси сифатида, истисно тариқасида, ўзбек сўми билан бир вақтда АҚШ доллари, Россия рубли, евро, юань валюталарини қабул қилишга рухсат берилади. Бунда қабул қилинган нақд хорижий валюта Марказда ташкил этилган тижорат банклари филиаллари орқали Марказда фаолият юритадиган юридик шахсларнинг ҳисобварақларига ўтказилади.

 

Савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш учун мўлжалланган бино ва иншоотларни олган, шунингдек, шартнома асосида ишлаш, таълим муассасаларида ўқиш, банк филиалларида фаолият юритиш, савдо-сотиқ ва бошқа фаолият тури билан шуғулланиш мақсадида ташриф буюраётган мамлакатда ўн беш кундан ортиқ муддат бўлишни режалаштирган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасига кириш визасини расмийлаштирган ҳолда кириб келишлари талаб этилади.

 

Марказ ҳудудида сотиб олинган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғини кайтариш (Тах Free) қоидалари қўлланмайди; харид қилинган товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига белгиланган тартибда божхона тўловлари тўлангандан сўнг олиб кирилади. Бунда божсиз олиб кириш нормалари татбиқ этилмайди; жойлашган объектларни бошқариш, эксплуатация қилиш, ижарага бериш ва сотиш «Termez lnternational Trade Centre» МЧЖ томонидан амалга оширилади.

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

An important aspect of the current reforms is not to find the shortcomings of entrepreneurs and punish them, but to teach them how to properly organize their work

Text to speech
Звуковое сопровождение