Қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланадиган энергия манбалари (номинал қуввати 0,1 МВт ва кўпроқ) ускуналари эгаллаган ер участкалари бўйича улар ишга туширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга солиқдан озод этилади.
Солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига қуйидаги ерлар киради:
маданият, таълим, соғлиқни сақлаш (бундан туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари банд қилган ерлар мустасно) ва ижтимоий таъминот объектлари эгаллаган ерлар;
спорт ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш мажмуалари, ўқув-машқ базалари ва болалар-соғломлаштириш оромгоҳлари эгаллаган ерлар;
шаҳар электр транспорти йўллари ва метрополитен линиялари, шу жумладан, жамоат транспорти бекатлари ва метрополитен станциялари ҳамда уларнинг иншоотлари эгаллаган ерлар;
аҳоли пунктларининг сув таъминоти ва канализация иншоотлари (магистрал сув қувурлари, водопровод тармоқлари, канализация коллекторлари ва уларнинг иншоотлари, насос станциялари, сув олиш ва тозалаш иншоотлари, водопровод ва канализация тармоқларидаги кузатиш қудуқлари ва дюкерлари, сув босими ҳосил қиладиган миноралар ҳамда шунга ўхшаш иншоотлар эгаллаган ерлар);
магистрал иссиқлик трассалари, шу жумладан, насос (кўпайтирувчи, камайтирувчи, аралаштирувчи, дренаж) станциялари, иссиқ сув таъминотининг иссиқликни ҳисобга олиш ва назорат қилиш асбоблари, иситкичлари, циркуляция насослари ҳамда шунга ўхшаш иншоотлар эгаллаган ерлар;
иҳота ўрмон дарахтзорлари эгаллаган ерлар. Иҳота ўрмон дарахтзорлари жумласига қуйидагилар киради: ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақалари; ўрмонларнинг овланадиган қимматли балиқлар увилдириқ сочадиган жойларни муҳофаза қилувчи тақиқланган минтақалари; эрозиядан сақлайдиган ўрмонлар; ўрмонларнинг темир йўллар ва автомобиль йўллари ёқалаб ўтган иҳота минтақалари; чўл ва чала чўл зоналаридаги ўрмонлар; шаҳар ўрмонлари ва ўрмон-боғлари; шаҳарлар, бошқа аҳоли пунктлари ва саноат марказларининг кўкаламзорлаштирилган зоналари атрофидаги ўрмонлар; сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналаридаги ўрмонлар; курорт табиий ҳудудларни санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш теграсидаги ўрмонлар; алоҳида қимматга эга бўлган ўрмонлар; илмий ёки тарихий аҳамиятга эга бўлган ўрмонлар;
сувни тежайдиган (томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет ва бошқа) суғориш технологиялари жорий этилган ерлар — сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган ойнинг бошидан эътиборан беш йил муддатга. Ушбу имтиёз сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли соҳасидаги ваколатли органнинг хулосаси асосида берилади. Агарда сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган ойнинг бошидан бошлаб беш йил давомида фойдаланишга яроқсиз бўлган ёки демонтаж қилинган бўлса, солиқ имтиёзи бутун солиқ даври учун солиқни тўлаш бўйича мажбуриятларнинг тикланиши билан бекор қилинади;
қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун янги ўзлаштирилаётган ерлар — ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, уларни ўзлаштириш ишлари бажариладиган даврда ва улар ўзлаштирилган вақтдан эътиборан беш йил мобайнида;
мелиорация ишлари амалга оширилаётган мавжуд суғориладиган ерлар — ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, ишлар бошланганидан эътиборан беш йил муддатга;
янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, беш йил муддатга. Кузда ўтқазилган янги кўчатлар учун бериладиган солиқ имтиёзи муддатини ҳисоблаб чиқариш кейинги йилнинг 1 январидан эътиборан бошланади, баҳорда ўтқазилган кўчатлар учун эса жорий солиқ даврининг 1 январидан эътиборан бошланади;
илмий ташкилотларнинг, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот ташкилотлари ҳамда ўқув юртларига қарашли тажриба, экспериментал ва ўқув-тажриба хўжаликларининг бевосита илмий ҳамда ўқув мақсадлари учун фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги аҳамиятига молик бўлган ерлар ва ўрмон фондининг ерлари. Ушбу бандга мувофиқ илмий тажрибалар, экспериментал ишлар, янги навларнинг селекцияси ўтказилиши учун ҳамда мавзулари тасдиқланган бошқа илмий ва ўқув мақсадлари учун фойдаланиладиган экинлар ҳамда дарахтзорлар эгаллаган ер участкалари солиқ тўлашдан озод қилинади.
қишлоқ жойларда жойлашган (бундан шаҳарлар ва туманларнинг марказлари мустасно) антенна-мачта металл конструкциялари, шунингдек уларга ўрнатилган ҳамда уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар эгаллаган ер участкалари;
Ушбу моддада белгиланган солиқ имтиёзлари белгиланган мақсадда бевосита фойдаланилмаётган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.