Feb. 29, 2024

Changes related to entrepreneurship that will come into force in legislation from March 1, 2024


2024 йил 1 мартдан қонунчиликда кучга кираётган тадбиркорликка оид ўзгаришлар билан таништириб ўтамиз.

 

🔔2024 йил 1 мартдан бошлаб:

марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг қурилишида (реконструкция ва капитал таъмирлаш) маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган лифт, эскалатор, саноат ҳаво совитиш тизимлари, саноат иситиш қозонлари, трансформатор қурилмалари, қуёш сув иситгичлари ва панеллари ҳамда иситиш радиаторларининг ўрнатилиши талаб этилади.

Асосий фаолият тури қурилиш-монтаж ишлари бўлган ташкилотлар томонидан Рўйхатга киритилган маҳсулотлар импорт қилинган тақдирда, давлат божхона хизмати органларига ушбу маҳсулотларнинг сўнгги истеъмолчиси бюджет ва корпоратив буюртмачи эмаслиги тўғрисида кафолат хати тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш жараёнларида ушбу бандда белгиланган мажбуриятлар пудрат ташкилоти томонидан бажарилмаганлиги аниқланган тақдирда, қуйидаги жавобгарлик чораларини қўллаш ҳуқуқи берилади:

қурилиш-пудрат ташкилоти рейтингининг ишончлилик даражасини тушириш ёки бекор қилиш;

инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритиш.


🔔 2024 йил 1 мартдан бошлаб:

Давлат реестрида рўйхатдан ўтказилмаган қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг уруғликларини реализация қилишга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва унинг ҳудудидан олиб чиқишга йўл қўйилмайди.

Талабнома берувчи қишлоқ хўжалиги экинлари навларини давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани олиш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун ваколатли органга «Agrotest.uz» ахборот тизими орқали талабномани шакллантиради ва жойлаштиради.

Бунда резидентлар ахборот тизимида OnelD идентификация тизими орқали рўйхатдан ўтказилади. Норезидентлар учун ахборот тизимида онлайн рўйхатдан ўтган ҳолда тизимга кириш имконияти яратилади.


 🔔2024 йил 1 мартдан бошлаб ачитилмаган ва таркибига спирт қўшилмаган, шакар ёки бошқа ширинлик қўшилган ёки қўшилмаган мева шарбатлари (узум шираси мустасно) ва сабзавот шарбатлари, шунингдек газланган ҳамда газланмаган сувлар ва ичимликларни идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тизими жорий этилади.

Шунингдек, тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни импорт қилувчилар зиммасига божхона юк декларациясида импорт қилинадиган маҳсулотлар бўйича агрегацияланган импорт кодини акс эттириш мажбурияти юкланади.

 

🔔2024 йил 1 мартдан бошлаб «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти томонидан умумий белгиланган шартлар ва қоидалар доирасида 4 ва 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган кичик тадбиркорлик субъектларига тижорат банкларининг Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ва асосий ставканинг 1,75 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада ажратиладиган кредитлари бўйича асосий ставканинг 40 фоизигача миқдорида компенсация тақдим этилади.


 🔔«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» томонидан 2024 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади:

а) ўрта тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш лойиҳаларига:

лойиҳа қийматининг 15 фоизи, бироқ устав капиталининг 20 фоизи ёки 3 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда ташаббускорнинг устав капиталига кўчмас мулк объектлари, асбоб-ускуналар ва бошқа кўринишдаги активлар шаклида улуш киритиш;

кўчмас мулк ва асбоб-ускуналарнинг 70 фоизи, бироқ 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда мулк сотиб олиш ва етти йилгача муддатга қарздорлик қолдиғига Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада йиллик фоиз ҳисоблаш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан хизматлар ипотекаси асосида ташаббускорга бериш;

б) кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларига:

кредит (лизинг) ажратиш учун тижорат банклари, микромолия ва лизинг ташкилотларига миллий ва хорижий валютада молиявий ресурсларни жойлаштириш;

тижорат банклари, микромолия ва лизинг ташкилотлари томонидан миллий ва хорижий валютада ажратиладиган кредит, лизинг, банк кафолати ва аккредитивларга умумий қиймати 5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик тақдим этиш;

Компания маблағларидан фойдаланиш бўйича тижорат банклари билан тузиладиган воситачилик шартномаларига асосан белгиланган лимит ҳамда умумий миқдор ва шартлар доирасида кредитлар бўйича кафиллик (портфель кафиллиги) тақдим этиш;

в) 2024 — 2026 йилларда кичик тадбиркорлик субъектларига Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ва асосий ставканинг 1,75 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада 5 миллиард сўмгача ажратиладиган кредитлар бўйича асосий ставканинг 40 фоизигача миқдорда уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга компенсация тақдим этиш.

«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти томонидан кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган молиявий қўллаб-қувватлаш инструментлари ва шартлари 1-иловага мувофиқ тасдиқланган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Компанияга ушбу банднинг «а» кичик бандидаги тадбирларни ташкил этиш учун ўн йил муддатга беш йиллик имтиёзли давр билан жами 1,2 триллион сўм, шу жумладан 2024 йил 1 июлга қадар 600 миллиард сўм ҳамда 2024 йил якунига қадар 600 миллиард сўм миқдорида фоизсиз бюджет ссудаси ажратилади.


🔔2024 йил 1 мартдан бошлаб:

янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан баланд ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар, агар уларга туташ ҳудудлардаги ерларнинг камида 25 фоизи кўкаламзорлаштириш майдонларига ажратилмаган ва уларда кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилмаган тақдирда, давлат қабул комиссияси томонидан қабул қилинмайди;

атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига кирувчи саноат корхоналари лойиҳа ҳужжатлари бўйича бериладиган давлат экологик экспертизаси хулосаларида ўз ва туташ ҳудудларида «яшил белбоғ»лар барпо этиш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини амалга ошириш мажбурий бўлган талаб этиб белгиланади;

кўчатлар экиш ва уларни парваришлаш ҳамда суғориш тадбирларини молиялаштириш масалалари вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмаларининг йиллик харажатлар сметасида ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб саноат корхоналари, махсус иқтисодий зоналар ҳудудларида жойлашган саноат корхоналарининг йиллик бизнес режаларида кўзда тутилади.

 

🔔2024 йил 1 мартдан  лойиҳалаштириш ва қурилишнинг айрим фаолият турларини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик ёки жисмоний шахслар (лицензиат) ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказувчи юридик шахслар учун мазкур қарор билан белгиланган лицензия ҳамда аккредитация талаб ва шартлари кучга киради.

 

🔔2024 йил 1 мартдан бошлаб давлат мулкини ижарага бериш шартномалари бўйича ижара тўловларини ундириш ва уларнинг тақсимоти «E-ijara» электрон тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилади

 

🔔2024 йил 1 мартдан бошлаб техник ҳужжатларида ёки маркировкасида қуёш элементларининг сифат кўрсаткичларини ифодаловчи «A», «B», «C» ва «D» тегишли синфи тўғрисидаги ахборотлар мавжуд бўлмаган қуёш панелларини четдан олиб кириш тақиқланади.

 

🔔2024 йил 1 мартдан бошлаб:

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга қўлланилган жарима суммаси миқдорининг 50 фоизи ўн беш кун ичида, 70 фоизи ўттиз кун ичида ихтиёрий равишда тўланганда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этилади;

лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш жараёнида видео алоқа воситалари ёрдамида талабгорларнинг лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар талаб ва шартларига мувофиқлигини масофадан туриб баҳолаш тартиби жорий этилади;

тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишда унинг почта манзили сифатида муассиснинг турар жойини кўрсатишга рухсат берилади.

  

🔔2024 йил 1 мартдан 2026 йил 1 мартга қадар:

белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатга асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган қуйидаги товарлар божхона божлари тўланишидан озод этилади:

- меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари, савдо-кўнгилочар мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, мебель ва инвентарлар, қурилиш материаллари ва бошқа материаллар;

- чўмилиш ҳавзалари (бассейн) ва аквапарклар учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, турникетлар, тўлов-маълумот терминаллари, видеокузатув тизимлари, янги замонавий энергия тежовчи тизимлар, махсус сув тозалаш фильтрлари;

- туризм марказларида жойлашган заргарлик ва олтин маҳсулотлари чакана савдоси дўконлари фаолиятини ташкил қилиш учун керак бўладиган қурилиш (реконструкция ва модернизация қилиш) материаллари, асбоб-ускуналар ва технологиялар.

Мўйноқ ва Зомин аэропортларига парвозлар амалга оширилганда 23 ёшгача бўлган ёшлар, ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар учун авиайўловчилар чипталарини сотиш 50 фоизлик имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилади ҳамда йўловчи ташувчи компанияларнинг ушбу имтиёз тақдим қилиш билан боғлиқ харажатлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

 

🔔2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат берилади.

  

🔔Экспорт қилувчи корхоналарни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йил 1 мартдан бошлаб Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ресурслари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотини экспорт қилувчи корхоналарга экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун 2 йил муддатгача улар томонидан охирги 12 ой давомида экспорт ҳажми:

100 минг АҚШ долларидан 1 миллион АҚШ долларигача бўлганда — 100 минг АҚШ долларигача;

1 миллион АҚШ долларидан 2 миллион АҚШ долларигача бўлганда — 1 миллион АҚШ долларигача;

2 миллион АҚШ долларидан 4 миллион АҚШ долларигача бўлганда — 2 миллион АҚШ долларигача;

4 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда — 3 миллион АҚШ долларигача молиявий ресурслар ажратилади.

Бунда:

молиявий ресурслар йиллик 4 фоиз ставкадан (шундан 2 фоизи банк маржаси) ошмаган миқдорда тақдим этилади;

экспорт қилувчилар томонидан айланма маблағлар олингандан сўнг келгуси йилда экспорт ҳажми камида 20 фоизга ошмаган тақдирда, имтиёзли кредит тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади.

Kasimov Dilmurod Sultanmuratovich

Business-ombudsman

In the conditions of complex economic transformations, if obstacles and restrictions in the activities of entrepreneurs are removed, we will provide them with real assistance

Text to speech
Звуковое сопровождение