10-Avgust, 2023-yil

Мушакбозлик учун кетган 55 млн сўм тадбиркорга ундириб берилди

Фуқаролик кодексининг 237-моддасига асосан мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Навоий вилоятида фаолият юритувчи “Зафар” МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари Навоий шаҳар ҳокимлиги буюртмасига асосан етказиб берилган маҳсулотлар учун тўловлар тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, “Зафар” МЧЖ ва Навоий шаҳар ҳокимлиги ўртасида 2022 йил 21 июлда Навоий шаҳрида бўлиб ўтадиган байрам тадбирида мушакбозлик хизматини кўрсатиш тўғрисида шартнома тузилган.

Мазкур шартномага мувофиқ белгиланган тартибда умумий қиймати 55 млн сўмлик байрам тадбирида мушакбозлик хизмати кўрсатилган.

Шартноманинг предметига кўра, пудратчи бўлиб ўтадиган байрам тадбирида мушакбозлик хизматини кўрсатиш, буюртмачи кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.

Шартноманинг 3,3-бандида иш бажарувчи томонидан иш бажарилгандан сўнг буюртмачи шартнома умумий суммасининг 100 фоизини 5 банк иш кунида тўлаб бериши белгиланган.

Иш бажарувчи томонидан шартномада белгиланган хизматлар тўлиқ бажарилиб, бу ҳақда 2023 йил 10 мартдаги 1-сонли ҳисоб-фактура маълумотномалари тузилиб, тарафлар томонидан тасдиқланган.

Ўрганиш давомида жамият томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш юзасидан 2023 йил 22 февралдаги 36-сонли талабнома орқали Навоий шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилинган. Бироқ бугунги кунга қадар қарздорлик қоплаб берилмаганлиги, топширилган маҳсулотлар бўйича тузилган шартнома ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтказилмаганлиги аниқланди.

Шу боис, Вакил томонидан Кармана туманлараро иқтисодий судига жамият манфаатини кўзлаб даъво аризаси киритилиши натижасида Кармана туманлараро иқтисодий судининг  2023 йил 18 июлдаги ҳал қилув қарори билан “Зафар” МЧЖ фойдасига Навоий шаҳар ҳокимлигидан 55 млн сўм ундириш белгиланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение