4-Avgust, 2023-yil

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга расмий баёнот


Ижтимоий тармоқларда янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.08.2023 йилдаги ПФ-125-сон Фармонининг мазмун-моҳияти бўйича Ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши юзасидан текширувлар эндиликда Бизнес-омбудсман билан келишилмаган ёки уни хабардор қилмаган ҳолатда ўтказилиши мумкинлиги тўғрисида нотўғри талқин қилинган ҳолда тарқалган мақолалар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

 

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига Ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармони 2-иловасида белгиланган рўйхатга асосан, Бизнес-омбудсманни хабардор қилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш ҳуқуқи берилган.

 

Ёнғинларнинг олдини олиши ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини барвақт аниқлаш, бартараф этиш ҳамда бу борада давлат назоратини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.08.2023 йилдаги ПФ-125-сон Фармони билан «хавфни таҳлил этиш» тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш талаби бекор қилинди.

 

Яъни, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши юзасидан текширувлар эндиликда ҳам Бизнес-омбудсманни хабардор қилган холда ўтказилади. Мазкур талаб бузилган ҳолда ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади ва белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чораларини қўллашга сабаб бўлади.

 

Маълумот учун: жорий йилнинг 7 ойи давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши юзасидан 2974 та ҳолатда қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари ўтказилган ва Бизнес-омбудсманни хабардор қилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида 2859 та текширувлар ўтказган.

 

Эслатиб ўтамиз!

 

Амалдаги тартибга кўра, тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларини қуйидаги ҳолларда текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқига эга;

- текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда;

- текширув белгиланган тартибда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаганда ёки у хабардор этилмаганда;

- тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаганида;

- текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотларни киритишдан бош тортганида.

 

Ушбу талаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.09.2022 йилдаги ПҚ-374-сон Қарори билан белгиланган.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение