3-Avgust, 2023-yil

Тадбиркорнинг солиқ идоралари томонидан ноқонуний олиб қўйилган 864 млн сўм маблағи қайтарилди

Маълумки, хусусий мулк, жумладан, тадбиркорнинг маблағи дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

“Кумуш” МЧЖ (номи ўзгартирилган) ноқонуний олиб қўйилган маблағларни қайтариб беришни сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси томонидан корхонанинг жорий ҳисобварағидан жами 864 млн сўм миқдоридаги маблағ ноқонуний равишда олиб қўйилгани, тадбиркорнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилгани аниқланиб, бу ҳолат зудлик билан чора кўришни тақозо этди.

Бундан ташқари, мурожаатда маъмурий суд томонидан қонуний қарор чиқарилгунга қадар ташкилот солиқ маъмурияти томонидан жарима ундирилишини тўхтатиб туриш талаби билан бир неча бор мустақил равишда солиқ органларига мурожаат қилганлиги кўрсатилган. Бироқ бу мурожаатлар ноҳақ рад этилгани ҳам тадбиркорнинг ҳуқуқлари бузилганидан, тартиб-қоидаларга риоя қилмаётганидан далолат беради.

Ушбу масалани маъмурий суд томонидан кўриб чиқиш натижасида солиқ органининг корхонадан жарима ундириш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилди. Яъни солиқ органининг қарори маъмурий суд томонидан бекор қилинган ва тадбиркор олиб қўйилган маблағларни қайтариб олишга тўғри келган.

Шунга қарамай, солиқ органи ундирилган суммани қайтаришдан бош тортган. Бундай вазиятда Вакил девонининг аралашуви билан маблағлар солиқ органлари томонидан компаниянинг ҳисобварағига қайтарилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 12 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун (2023 йил 11 май, 841-сон) кучга киради, унга кўра тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик, талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади.

Бунда ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланадилар.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение