2-Avgust, 2023-yil

Тадбиркорнинг оворагарчиликларига Бизнес-омбудсман томонидан чек қўйилди


Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи «Жавоҳир» МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари Мирзо Улуғбек тумани Мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳаракатсизлигидан шикоят қилиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди. Вазият ўрганилганда маблағни тадбиркорга қайтариш жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйилгани юзага чиқди.

Маълум бўлишича, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди ҳукмига биноан, «Жавоҳир» МЧЖ раҳбарини айбдор деб топиб, жарима жазоси тайинланган ва ҳисобварағидаги 153 млн сўм маблағи давлат фойдасига ўтказилган.

Лекин 3 ойдан сўнг Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажримига кўра, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг «Жавоҳир» МЧЖ раҳбарига оид қисми бекор қилинди.

Шундан сўнг Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди ажримига кўра, тадбиркорнинг жиноят иши юзасидан ундирилган жами 153 млн сўм маблағи Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси орқали тадбиркорга қайтарилиши керак эди.

Бироқ мазкур маблағ корхона ҳисобварағидан ечиб олингач, жиноят ишлари бўйича суд қарорини ижро этиш учун Ўрта-Чирчиқ тумани МИБга юборилган. Шу тариқа қўзғатилган жиноят иши асосида олиб қўйилган маблағ давлат бюджетига ўтказиб юборилган.

Жиноят ишлари бўйича суднинг 2022 йил 31 майдаги ундирилган маблағни қайтариш тўғрисидаги қарори ижро учун Мирзо Улуғбек тумани МИБга юборилмагани аниқланди. Бунга ижро иши дастлаб Ўрта-Чирчиқ тумани МИБда жойлашгани сабаб бўлган.

МИБга бир неча маротаба мурожаат қилишига қарамай масаласи ҳал бўлмаган тадбиркор Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Бизнес-омбудсман томонидан Мирзо Улуғбек тумани МИБ ва Ўрта Чирчиқ тумани МИБга киритилган сўров натижасида ва унинг кўмаги билан давлат бюджетидан жиноят иши асосида ундирилган маблағ тадбиркорга қайтарилишига эришилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение