Тарафлар тузилган хўжалик шартномалари
бўйича зиммаларига олинган мажбуриятларни ўз вақтида ва тегишли тартибда
бажаришлари шарт эканлиги қонунчилигимизда қайд этиб қўйилган. Бажарилган иш ва
хизматлар ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун эса жавобгарлик муқаррар.
Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи “Зафар”
МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар
корхонасидан мавжуд қарздорликни ундиришда амалий ёрдам беришни сўраб
Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, унитар корхона билан
тадбиркор ўртасида умумий қиймати 5 млрд сўмлик пудрат шартномаси ҳамда умумий
қиймати 2 млрд сўмлик хизмат кўрсатишга (ишларни бажаришга) оид шартнома
тузилган.
Мазкур шартномаларга асосан тадбиркор томонидан
унитар корхона тасарруфида бўлган “Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши” автомобиль
йўлида қайта қуриш ҳамда “Олмаота-Бишкек-Тошкент-Термиз” автомобиль йўлида “Самарқанд
остонаси” мажмуасининг қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган.
Жумладан, шартномалар асосида жами 716 млн сўмлик
ишлар бажарилиб, ҳисоб-варақ фактуралар расмийлаштирилган ва буюртмачи томонидан
қабул қилинган.
Ушбу шартномаларда Буюртмачи шартнома суммасининг
10 ва 5 фоизини олдиндан тўлаш, қолган қисмини ишлар бажарилганлигини тасдиқловчи
ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг тўлаш мажбуриятини олган.
Бироқ бажарилган ишлар бўйича ҳужжатлар тақдим
этилган бўлишига қарамай, қарийб 100 млн сўм қарздорлик Буюртмачи томонидан бугунги
кунга қадар тўлаб берилмаган.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсман Самарқанд йўллардан
мунтазам фойдаланиш унитар корхонасидан тадбиркор фойдасига қарздорликни ундириб
бериш юзасидан Самарқанд шаҳар иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Натижада
суднинг ҳал қилув қарори билан пул маблағлари тадбиркорлик субъектига ундириб берилди.