8-Iyul, 2023-yil

“Товар тўғрисида маълумот” ахборот тизими ва мобил иловаси ишлаб чиқилади

“Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (Пф–108-сон, 06.07.2023 й.) қабул қилинди.

Унга кўра, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси монополияга қарши республика органи бўлиб, ўз фаолиятида Президентга ва Сенатга ҳисобдор ҳисобланади.

2023 йил 1 октябрдан:

эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри (рўйхати) жорий этилади;

Рақобат қўмитаси битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига (устун музокара кучига) эга бўлган субъектларни аниқлайди ва улар томонидан устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлайди;

рақобатга қарши келишувни тузган ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатни содир этган юридик ёки жисмоний шахс бу ҳақда Рақобат қўмитасига биринчи бўлиб ихтиёрий равишда хабар қилса, у рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод этилади.

Шунингдек, “Биз сизни эшитамиз” лойиҳаси жорий қилинади.

2023 йил 1 октябргача Рақобат қўмитаси тизимида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик, уларга олдиндан “ташхис қўйиш” ва коррупцияни келтириб чиқариши мумкин бўлган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича таъсирчан механизмлар ишлаб чиқилади.

2023 йил 20 декабргача истеъмолчиларга мамлакат истеъмол бозорида муомалада бўлган товарлар (ишлар ва хизматлар) тўғрисида маълумотларни онлайн тарзда олиш имкониятини берувчи “Товар тўғрисида маълумот” ахборот тизими ва мобил иловаси ишлаб чиқилади.

2025 йил 1 январгача Рақобат қўмитасининг табиий монополия субъектларининг тарифларини тартибга солиш ва назорат қилиш функциялари босқичма-босқич ташкил этиладиган мустақил бозор регуляторларига ўтказилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение