18-Yanvar, 2021-yil

Тадбиркорликка асоссиз аралашувни олдини олиш бўйича чоралар кучайтирилади

Давлат органлари томонидан тадбиркорларни назорат қилишнинг аниқ 4 хил шакллари белгилаб берилди. Тадбиркорлик фаолиятини назорат қилувчи органлар ва уларнинг назорат функциялари рўйхати шакллантирилади.

«Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва лойиҳа оммавий муҳокамага қўйилган. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман девони бош инспектори Абдували Абдумавлонов 15 январ куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишидан асосий мақсад тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан назорат қилишнинг чегараларини белгилаш ва асоссиз аралашувларни қонун доирасида чеклаш ҳисобланади.

Қонун лойиҳасида давлат органлари томонидан тадбиркорларни назорат қилишнинг аниқ 4 хил шакллари: назорат тадбирлари, мониторинг, статистика ва бошқа ахборотларни таҳлил қилиш ва текширувларни ўтказиш белгилаб берилди. Шунингдек, бошқа назорат шакллари амалиётга татбиқ қилинмаслиги билдирилган.

Бундан ташқари, янги қонун лойиҳасида тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш мақсадида қонун бузилиши ҳақида огоҳлантириш принципи ҳақида маълумот берилган. Унга кўра, тадбиркорлик субъекти фаолияти доирасида қонун бузилиши ҳақидаги аниқ маълумотлар ёки мурожаатлар бўлмаган ҳолатда, назорат органларининг ички таҳлиллари асосида текширишга чиқиш, фақатгина тадбиркорга огоҳлантириш берилгандан сўнг амалга оширилади.

Қолаверса, қонун лойиҳасида назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси текширувда иштирок этишининг рад этилишига олиб келувчи ҳолатлар белгилаб қўйилган. Текширув натижаларидан бевосита ёки билвосита манфаатдорлик келтириб чиқарадиган ҳолатлар, яъни мансабдор шахс текширилаётган тадбиркорлик субъектида ишлаганлиги ёки унинг яқин қариндошлари текширилаётган тадбиркорлик субъекти мулкдорлари, акциядорлари ёки аъзоси бўлиш ҳолатлари мансабдор шахснинг текширувда қатнашиши рад этилишига асос бўлиши айтилган.

Таъкидланишича, шу пайтгача тадбиркорлик фаолиятини назорат қилувчи органларнинг рўйхати бирорта норматив ҳужжатда белгилаб берилмаган. Шу сабаб тадбиркорлик субъектлари улар фаолиятини қайси органлар ва қандай ҳолатда текшириши кераклиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас эди.

Мутахассиснинг маълум қилишича, янги қонунда назорат қилувчи органлар ва уларнинг назорат функциялари рўйхати шакллантирилади ва рўйхатда йўқ ташкилотлар томонидан текшириш ўтказилиши тақиқланади. Тадбиркорлик субъекти ўтказилаётган текширувнинг қонуний эканлиги ҳақида маълумот олиши, текширувни мониторинг қилиш учун Савдо-саноат палатаси вакилларини таклиф этиши, текшириш жараёнини фото, аудио, видео воситалари ёрдамида қайд қилиш ҳуқуқлари белгилаб қўйилади.

Манба: Кун.уз

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение