30-Iyun, 2023-yil

1 июлдан нималарга ўзгаради?

2023 йил 1 июлдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

 

Айрим тадбиркорларга ходимларининг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қайтарилади

2024 йил 1 июлга қадар иссиқхонага ихтисослашган ер майдони 25 сотихдан кўп бўлган тадбиркорлар томонидан ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя қилинганда республика бюджетидан тадбиркорларга қайтариб бериш тартиби жорий этилади:

ҳар бир беш сотих ер майдони учун ойига камида бир нафар ишчининг бандлигини таъминлаш;

ҳар бир ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгилаш;

иссиқхонага ихтисослашган тадбиркорлар томонидан иссиқхона фаолияти бўйича олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60% ини ташкил этиши.

 

Тадбиркорларга жавобгарлик чоралари бўйича мораторий ўрнатилмоқда

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий ўрнатилмоқда.

 

Хўжалик жамиятлари ҳақида маълумотлар очиқланади

Хўжалик жамиятининг филиаллари, ваколатхоналари ташкил этилганлиги ва унинг устав фонди шакллантирилганлиги ҳамда тўловга қобилиятсизлиги юзасидан иш қўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ЯИДХПда эълон қилинади.

 

Экспорт қилувчи ҳунармандларнинг харажатлари қоплаб берилади

Ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро почта ва куръерлик жўнатмалари сифатида жўнатиш харажатларининг 50% қоплаб берилади.

 

Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ЖСТ қоидаларига мувофиқ бўлади

ЖСТ қоида ва меъёрларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланади.

 

Экология соҳасида жамоатчилик назорати ўрнатилмоқда

Экологик ҳуқуқбузарликни аниқлаш, тегишли далолатномани расмийлаштириш ва Эконазорат платформасига киритиш, шунингдек самарали фаолият учун ҳақ олишга қаратилган “Жамоатчилик экология назоратчиси” тизими жорий қилинади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун вужудга келган дебитор қарздорликни мажбурий тартибда ундириш учун суд органларига даъво аризалари санитар тозалаш хизматларини кўрсатувчи корхоналар томонидан киритилади.

 

Жисмоний шахслар давлат объектларини аукционга чиқариш ташаббуси билан чиқишлари мумкин

Жисмоний шахсларга “Давлат мулки” ахборот тизими орқали майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади.

 

Юридик шахсларга электр энергияси ва газ етказиб бериш бўйича шартномалар онлайн бўлади

 Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда тузилади.

 

Сертификация соҳасида ўзгаришлар

Референт нархлари қайд этилмаган ёки қайд этилган нархдан юқори бўлган дори воситаларини сертификатлаштириш тақиқланади.

 

Кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоялаш чоралари кўчайтирилмоқда

Ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка суддан ташқари тартибда қаратилганда гаров объектини «E-auksion» платформасида аукционга кредиторнинг ва (ёки) қарздорнинг буюртмаси асосида қўйишга рухсат этилади.

Ҳисоб-китоб ва кредит муносабатларидан келиб чиқадиган асослар бўйича қарзни ундириш учун нотариуслардан ижро хати олишда банклар олдидаги қарзни тасдиқловчи далолатнома талаб этилмайди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение