19-Iyun, 2023-yil

Бизнес-омбудсман қарийб бир йилдан бери тўланмай келган қарздорликни ундириб берди

Барчамизга маълумки, тадбиркорлик субъектлари иқтисодий муносабатларга албатта шартномалар орқали киришадилар. Чунки тарафлар ўртасидаги ҳар қандай муносабатларни мустаҳкамлайдиган ҳамда келгуси муносабатлар учун кафолат вазифасини бажарадиган восита бу шартномадир.

«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси талабларидан келиб чиқадиган бўлсак, тарафлардан бири шартлашилган муддатда товарларни бериш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш, иккинчи тараф эса уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини оладиган келишув хўжалик шартномаси дейилади.

Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги шартномавий муносабатларнинг асосий принциплари хўжалик шартномаларини тузиш эркинлиги, тарафларнинг манфаатдорлиги, шартнома интизомига риоя этиш ва тарафларнинг ўзаро мулкий жавобгарлигидан иборатдир.

Мамлакатимизда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномавий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилган бўлса-да, айрим ҳолларда тарафлар томонидан шартномаларда белгиланган шартларга риоя қилинмаяпти.

Жумладан, Бизнес-омбудсманга Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи “Star Biznes” МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари томонидан “Bunyodkor Obod Pastdarg`om” давлат унитар корхонасидан 89 млн сўм қарздорликни ундириб беришни сўраб мурожаат қилинди.

Аниқланишича, 2022 йил 1 июль куни “Star Biznes” МЧЖ ва “Bunyodkor Obod Pastdarg`om” ДУК ўртасида маҳсулот етказиб беришга оид шартнома тузилган.

Мазкур шартномага асосан “Star Biznes” МЧЖ томонидан харидорга 89 млн сўмлик қурилишда ишлатиладиган сантехника маҳсулотлари етказиб берилган бўлса-да, “Bunyodkor Obod Pastdarg`om” ДУК олинган маҳсулотлар учун бир йилга яқин вақт давомида тўловни амалга оширмасдан келган.

“Star Biznes” МЧЖ томонидан ушбу қарздорликни тўлаб беришни сўраб берилган талабномалар ҳам харидор томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Мурожаатни ўрганиш натижаларига кўра Бизнес-омбудсман томонидан юқорида кўрсатилган қарздорликни тадбиркор фойдасига ундириб беришни сўраб Пастдарғом туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди ва суднинг қарори билан даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилди.

Хулоса қилиб айтганда, давлат идоралари тадбиркорлардан шартнома эвазига олган маҳсулотлари, улар томонидан кўрсатилган хизматлар учун ўз вақтида тўловни амалга оширишлари лозим бўлади. Бу тадиркорлик субъектларига ўз маблағларидан эркин фойдаланиш, кўпроқ фойда олиш ва янги иш ўринларини яратишга замин яратади. Акс ҳолда, бажарилмаган мажбурият суднинг қарори билан мажбурий ундирувга қаратилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение