30-May, 2023-yil

Тадбиркорнинг беш йиллик муаммоси ҳал этилди

Фарғона туманида фаолият кўрсатувчи “Саркор” фермер хўжалиги қурилган бино-иншоотлар кадастр ҳужжатини расмийлаштиришда юзага келган муаммолар юзасидан Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, туман ҳокимининг 10.08.2018 йилдаги қарорига асосан фермер хўжалиги ижарада фойдаланиб келаётган ер майдонига совиткичли омбор ва дала шийпони қуришга рухсат берилган.

Бироқ қарорни тайёрлаш жараёнида техник хатога йўл қўйилиб, паррандачилик ва қуёнчилик фермаси ҳамда уларни қайта ишлаш цехи қурилиш ишларини амалга ошириш билан боғлиқ сўзлар ёзилганлиги сабабли, қуриб битказилган бино-иншоотларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш имкони бўлмаган.

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуннинг 59-моддаси биринчи қисмида маъмурий ҳужжат манфаатдор шахснинг аризаси ёки маъмурий шикоятига кўра маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий орган, юқори турувчи маъмурий орган томонидан, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа органлар томонидан ҳам бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкинлиги белгиланган.

Шунга кўра, Бизнес-омбудсман томонидан Фарғона вилояти ҳокимлигига туман ҳокимининг қарори 3-бандига ўзгартириш киритиш чораларини кўриш юзасидан хулоса киритилди.

Мазкур хулоса асосида туман ҳокимининг қарорига ўзгартириш киритилди ҳамда фермер хўжалигининг бино-иншоотларига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение