Тошкент
шаҳрида фаолияти кўрсатувчи оилавий корхона раҳбари шартнома асосида бажарган
ишлари учун қарздорлик тўланмаётганлигидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга
мурожаат қилди.
Аниқланишича,
2022 йил 5 август куни корхона билан Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги
Халқаро фестиваллар дирекцияси ўртасида шартнома тузилган. Унга асосан корхона
томонидан 832 млн сўмлик автотранспорт хизматлари кўрсатилган.
Шартномага мувофиқ
дирекция 30 фоиз миқдорида дастлабки тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган. Қолган
70 фоиз тўловни бажарилган ишлар тўғрисида далолатномалар ва ҳисобварақ-фактуралар
тақдим этилгандан сўнг амалга ошириши белгиланган.
Шунга
қарамай, дирекция томонидан корхона тақдим этган ҳисобварақ-фактура имзоланмасдан,
832 млн сўмлик қарздорлик тўланмасдан келинган.
Ваҳоланки,
Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва
қонунчилик талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Шунингдек,
“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси
тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасида тарафлар тузилган хўжалик шартномалари
бўйича зиммаларига олинган мажбуриятларни ўз вақтида ва тегишли тартибда
бажаришлари шарт эканлиги белгиланган.
Маданият ва
туризм вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси томонидан қайд
этилган ҳолатлар инобатга олиниб, кўрсатилган транспорт хизматлари учун
қарздорликни тўлаб бериш чоралари кўрилди. Жорий йилнинг 22 май куни
кўрсатилган транспорт хизматлари учун оилавий корхонага қарздорлик тўлиқ қоплаб
берилди.