25-May, 2023-yil

Тадбиркор ҳуқуқи бузилса, судга қанча муддатда даъво аризаси билан мурожаат қилса бўлади?

Тадбиркор ҳуқуқи бузилса, судга қанча муддатда даъво аризаси билан мурожаат қилса бўлади?

 

Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни 18-моддасида тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг конституциявий кафолатлари белгиланган.

Тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Мазкур Қонуннинг 50-моддасида Давлат органлари ва бошқа органларнинг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш қайд этилган.

Тадбиркорлик субъектлари давлат органлари ва бошқа органларнинг ноқонуний қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ўз хоҳишларига кўра бўйсунув тартиби асосида юқори органлар ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Тадбиркорлик субъектлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги юзасидан давлат органлари ва бошқа органларнинг қарори, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 186-моддасида маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) билан судга мурожаат этиш муддатлари белгиланган.

Агар ушбу Кодексда ёки ўзга қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан олти ой ичида судга берилиши мумкин.

Давлат ижрочисининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўн кун ичида судга берилиши мумкин.

Ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение