18-May, 2023-yil

Енгил конструкцияли жиҳозлар билан мавсумий овқатланишни ташкил этмоқчиман

Савол: Мен кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида умумий овқатланиш шаҳобчаси фаолиятини йўлга қўйганман. Мен очган кафе олдида бўш майдон мавжуд. Шу ерга енгил конструкцияли жиҳозлар билан мавсумий овқатланишни ташкил этмоқчиман. Буни қонуний қандай ташкил этсам бўлади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 августдаги 485-сон қарори билан “Умумий овқатланиш ташкилотлари мавсумий кафеларининг ишлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумий овқатланиш ташкилотлари мавсумий кафеларининг ишлаш тартибини белгилайди.

Унга кўра, умумий овқатланиш ташкилотига туташ ёки стационар овқатланиш ташкилотидан 5 метрдан ошмайдиган масофада жойлашган, овқатланиш бўйича қўшимча хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган, тасдиқланган талабларга мувофиқ жиҳозланган, шу жумладан, енгил турдаги қурилмалардан ташкил топган бино ёки иншоот мавсумий кафе сифатида қайд этилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон қарори билан Бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган.

Рухсатнома 2 йил муддатга берилади, агарда рухсатнома талаблари 2 йил муддатда бажарилмаса буюртмачининг сўровига асосан рухсатнома берган орган томонидан қайтадан кўриб чиқилади.

Қуйидаги ҳолларда реконструкция қилиш учун рухсатнома талаб этилмайди:

биноларнинг мустаҳкамлиги ва зилзилабардошлилигига таъсир қилувчи юк кўтариб турувчи қисмларининг ўзгаришига олиб келмайдиган қайта режалаштириш (кўп квартирали уйдаги жойларни қайта режалаштириш бундан мустасно);

пойдевор майдонини ўзгартирмасдан енгил турдаги қурилмалар ва вақтинчалик қурилмаларни қуриш ва реконструкция қилиш.

Бунда лойиҳа ҳужжатлари туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари билан (архитектура режалаштириш топшириғини ишлаб чиқмасдан) келишилади. Объектни фойдаланишга қабул қилиш талаб этилмайди.

Ушбу регламентга кўра енгил турдаги қурилмалар – енгил конструкциялардан иборат, ҳар томонлама ёпиқ ёки бир қисми очиқ, 0,5 метрдан чуқур бўлмаган ҳолатда тошдан ёки ғиштдан терилган пойдеворларга эга, тўлиқ ечиб олиш (доналаб ўпириб олиш) ва кўчириш имконияти мавжуд объектлар саналади.

Шу боис, агарда сиз енгил конструкцияли жиҳозлар билан мавсумий овқатланишни ташкил этмоқчи бўлсангиз, бунинг учун лойиҳа ҳужжатларини туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари билан келишишингиз кифоя.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение