Ўзбекистон Республикаси
Президентининг “Яшил энергия” сертификатлари тизимини жорий этиш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (ПҚ–156-сон, 12.05.2023 й.) қабул қилинди.
Электр энергиясининг
қайта тикланувчи манбалардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи
«яшил энергия» сертификатлари тизими:
2023 йил 1 июлдан
бошлаб — «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти тизимидаги гидроэлектр станцияларида
ишлаб чиқарилган электр энергияси учун;
2023 йил 1 октябрдан
бошлаб — қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларида ҳамда қайта тикланувчи бошқа энергия
манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергияси учун жорий этилади.
Бир дона «яшил
энергия» сертификати қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда
1000 кВт*соат электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлайди;
«яшил энергия»
сертификатлари тизимини юритиш, хусусан генерация объектларини рўйхатдан ўтказиш,
«яшил энергия» сертификатларини чиқариш, генерация объектларига бериш ва уларнинг
ҳаракати ҳисобини юритиш бўйича масъул орган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (эмитент)
ҳисобланади;
«яшил
энергия» сертификатлари фуқаролик ҳуқуқлари объектлари жумласига киради, эркин
муомалада бўлиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда ёки усулда бир шахсдан
иккинчи шахсга ўтказилиши мумкин;
«яшил
энергия» сертификатлари электр энергияси сотилганда ёки бундай сотувга боғлиқ
бўлмаган ҳолларда ҳам бошқа шахсларга ўтказилиши мумкин;
генерация
объектларини рўйхатдан ўтказиш, ноёб идентификация рақамига эга бўлган «яшил
энергия» сертификатларини чиқариш, уларнинг ҳаракати ҳисобини юритиш «Яшил
энергия» сертификатлари ягона электрон платформаси орқали халқаро стандартлар
талаблари асосида амалга оширилади;
«яшил
энергия» сертификатларини чиқариш, бериш, ҳисобдан чиқариш ва уларнинг
айланмаси билан боғлиқ муносабатларга қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги
қонунчилик татбиқ этилмайди.
2023 йил 1
июлдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга ваколатли органлар томонидан
белгиланадиган, энергия сарфи ҳажмидаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан
фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган энергия улушини ошириш бўйича талабларни
бажаришда етишмаган энергия улушини тегишли миқдордаги «яшил энергия»
сертификатлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқи берилди.
Қайта
тикланувчи манбалардан фойдаланишга асосланган генерация объектларининг «яшил
энергия» сертификатлари савдосидан тушган даромадлари фойда солиғидан озод
этилади.